Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 23/02/2026

Трамп АҚШ Мудофаа вазирлигига Номаълум учувчи жисмлар (НУЖ) ҳақидаги материалларни ошкор қилишни топширди

АҚШ президенти Дональд Трамп Мудофаа вазирлигига ердан ташқаридаги ҳаёт ва НУЖлар ҳақидаги ҳукумат ҳужжатларини эълон қилишни топширди. У ўз қарорини ушбу масалага бўлган «улкан қизиқиш» билан изоҳлади.

«Мен Мудофаа вазири ва тегишли идора ҳамда агентликларга ердан ташқаридаги ҳаёт, номаълум ҳаво ҳодисалари ва номаълум учувчи жисмларга оид ҳукумат ҳужжатларини, шунингдек, ушбу ўта мураккаб, аммо ниҳоятда қизиқарли ва муҳим масалаларга алоқадор ҳар қандай бошқа маълумотларни аниқлаш ва эълон қилиш жараёнини бошлашни топшираман», — деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.

Бундан сал олдин Трамп АҚШнинг собиқ президенти Барак Обамани ўзга сайёраликлар мавжудлиги ҳақидаги махфий маълумотларни ошкор қилишда айблади, деб ёзади Reuters.

«Бундай қилиш мумкин эмас, — деди Америка президенти Air Force One бортида журналистларга. — У катта хатога йўл қўйди». Шу билан бирга, Оқ уй раҳбари Обама махфий маълумотларни эълон қилганига доир бирор-бир далил келтирмади.

Журналистларнинг ўзга сайёраликлар мавжудлигига далил кўрганмисиз, деган аниқлаштирувчи саволига Трамп: «Улар борми ёки йўқми, билмайман», деб жавоб берди.

2026 йил 14 февраль куни эълон қилинган подкаст бошловчиси Брайан Тайлер Коэнга берган интервьюсида Обамадан ўзга сайёраликлар ҳақиқатан ҳам мавжудми, деб сўрашди.

«Улар мавжуд, лекин мен уларни кўрмаганман ва уларни «51-зона»да сақлашмайди. У ерда ҳеч қандай ер ости иншооти йўқ, агар албатта, қандайдир кенг кўламли фитна мавжуд бўлиб, улар бу фактни Қўшма Штатлар президентидан яширишмаган бўлса», — деди Обама.

«51-зона» — Невада штатидаги АҚШ ҲҲКнинг махфий объекти бўлиб, фитна назарияларига кўра, у ерда ўзга сайёраликларнинг жасадлари ва ҳалокатга учраган космик кема парчалари сақланади. 2013 йилда эълон қилинган МРБ (ЦРУ) архивларида бу ер ўта махфий жосус самолётларни синовдан ўтказиш полигони бўлгани айтилган эди.

Кейинроқ Обама Instagram’даги постида ўз сўзларига изоҳ берди. «Президентлигим даврида ердан ташқаридаги цивилизациялар биз билан боғланганига доир ҳеч қандай далил кўрмаганман. Рост!» — деб ёзди.

Обама Коинотнинг ҳажмини ҳисобга олган ҳолда, ердан ташқаридаги цивилизациялар мавжудлигини статистик жиҳатдан эҳтимолий деб ҳисоблашини қайд этди. «Аммо қуёш тизимлари орасидаги масофа шунчалик каттаки, ўзга сайёраликларнинг бизга ташриф буюриши имконияти жуда кам», — деб қўшимча қилди.

Обама шаънига айтган шарҳларидан сўнг Трамп ўзга сайёраликлар мавжудлигига далил кўрмаганини яна бир бор таъкидлаб: «Улар борми ёки йўқми, билмайман», деди.