
АҚШ президенти Дональд Трамп учинчи дунё мамлакатларидан АҚШга миграцияни тўхтатишга ваъда берди, деб хабар беради Reuters.
«Мен АҚШ тизимига тўлиқ тикланиш имкониятини бериш учун барча учинчи дунё мамлакатларидан миграцияни бутунлай тўхтатаман, [собиқ президент Джо] Байден томонидан берилган миллионлаб ноқонуний кириш рухсатномаларини бекор қиламан», — деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
Бундан ташқари, Трамп АҚШ фуқароси бўлмаган шахслар учун барча федерал имтиёзлар ва субсидияларни тўхтатишга, «мамлакатнинг ички тартибига путур етказаётган» муҳожирларни фуқароликдан маҳрум қилишга, шунингдек, Америка расмийлари «жамоат юки, хавфсизлик таҳдиди ёки Ғарб цивилизациясига мос келмайдиган» деб ҳисоблаган ҳар қандай хорижий фуқарони ва «Қўшма Штатларга фойда келтирмайдиган ёки бу мамлакатни севишга қодир бўлмаган» барчани депортация қилишга ваъда берди.
У қайси давлатларни учинчи дунё мамлакатларига киритишини АҚШ президенти аниқ айтмади.
Трамп бундай баёнотни 2025 йил 26 ноябрь куни Оқ уй яқинидаги отишма пайтида яраланган АҚШ Миллий гвардиясининг икки ҳарбий хизматчисидан бири касалхонада вафот этганидан сўнг берди. Отишмада гумонланиб, 2021 йилда АҚШга кирган 29 ёшли афғонистонлик Раҳмонулло Лаканвал ҳибсга олинган эди.
Аввалроқ Трамп маъмурияти «хавотир уйғотадиган» 19 та давлатдан келган ҳар бир муҳожир учун барча Green Card’ларни «тўлиқ кўламли, синчковлик билан қайта текшириш» ўтказишга ваъда берганди, деб ёзади CBS News. Бу мамлакатлар орасида Афғонистон, Куба, Гаити, Эрон, Сомали, Ливия, Судан, Яман ва Венесуэла бор.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги вакили телеканалга Оқ уй айни пайтда Байден маъмурияти томонидан тасдиқланган барча бошпана бериш аризаларини қайта кўриб чиқаётганини тасдиқлади.
2025 йил июнь ойида Трамп АҚШга 19 та Африка, Лотин Америкаси ва Осиё мамлакатлари, жумладан, Афғонистон ва Туркманистон фуқароларининг киришига тақиқ ва чекловлар тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Бу мамлакатлар Қўшма Штатлар учун юқори хавф туғдирувчи деб тан олинган.