2025 йил 7 январь куни Дональд Трамп ўтказган биринчи матбуот конференциясида Гренландия ва Панама канали устидан АҚШнинг ҳукмронлик ўрнатиш учун “куч ишлатиши” мумкинлигини инкор қилмади.
“Гренландия бизнинг миллий хавфсизлигим учун керак. Менга бу ҳақида одамлар анча олдин айтишган. У ерда (Гренландияда) тахминан 45 минг киши бор. Одамлар ҳаттоки Даниянинг ушбу оролга ҳуқуқлари бор ёки йўқлигини билмайди. Агар ҳуқуқлари бўлса ҳам, улар оролдан воз кечиши керак. Чунки орол бизга миллий хавфсизлигимиз, дунё озодлиги учун керак. Мен дунё озодлиги ҳимояси ҳақида гапиряпман” – деди Трамп.
Журналистлар Трампга Панама канали ва Гренландия устидан ҳукмронлик ўрнатишда иқтисодий ва ҳарбий куч ишлатмаслик бўйича кафолат бериши ҳақида савол беришганда, у қуйидагича жавоб берди: “Йўқ, мен буни қила олмайман. Улар бизнинг иқтисодий хавфсизлигимиз учун керак. Панама канали бизнинг ҳарбий кучларимиз учун қурилган. Мен кафолат бермоқчимасман. Балки, қандайдир ҳаракатларни амалга ошириш керак бўлади”.
Трамп Мексика кўрфази (Мексиканский залив) номини “Америка кўрфази” (Залив Америки) га ўзгартириш фикрлари билан ҳам бўлишди.
Янги сайланган АҚШ президенти Канада ҳақида ҳам ўз фикрлари билан бўлишди ва унга кўра, Канада ва АҚШ бирлашса, чегаралар бўлмаслигини фараз қилди. Ундан ташқари, миллий хавфсизлик борасида ҳам анча яхши бўлишини таъкидлади. АҚШ Канадани ҳимоя қилишига ҳам алоҳида урғу берди ва ҳар йили бунга юз миллиардлаб маблағ кетишини эслатди. “Канада ҳақида қайғурганимиз учун ҳар йили юз миллиардлаб АҚШ доллари ишлатамиз. Савдо дефицити сабабли биз зарар кўрмоқдамиз. Канада АҚШ штати бўлиши керак” – деди Дональд.
Канадага қарши ҳарбий куч ишлатиш эҳтимоли ҳақидаги саволга, Трамп фақатгина иқтисодий тазйиқ ўтказиши мумкинлигини таъкидлаган.