WP: Трамп маъмурияти АҚШдан 1 миллион мигрантни депортация қилишни режалаштирмоқда

The Washington Post газетаси собиқ ва амалдаги федерал мансабдорларга таяниб хабар беришича, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ҳокимиятга келганидан сўнг биринчи йилида 1 миллионгача мигрантни депортация қилмоқчи.

Газета таъкидлашича, бу рақам 2009–2017 йилларда президент бўлган Барак Обама маъмурияти даврида қайд этилган 400 минг кишилик рекорддан анча юқори.

Нашр ёзишича, таҳлилчилар бу режани молиялаштириш даражаси ва миграция хизмати ходимлари етишмаслиги туфайли реал эмас, деб баҳолашмоқда. Шунингдек, кўпгина мигрантлар судга мурожаат қилиб, депортация ҳақидаги қарорни қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Президент маслаҳатчиси Стивен Миллер бу мақсадга эришиш стратегиясини Ички хавфсизлик вазирлиги ва бошқа федерал идоралар ходимлари билан деярли ҳар куни муҳокама қилмоқда. Нашр манбаларига кўра, улар суд томонидан чиқарилган депортация ҳақидаги якуний қарорларга эга 1,4 миллион одамнинг камида бир қисмини чиқариб юбориш усулини топишни режалаштирган. Аммо ушбу фуқаролар келиб чиққан давлатлар уларни қабул қилмаётгани сабабли бундай қарорлар бажарилмаяпти.

Газета манбаларига кўра, Трамп маъмурияти ўз фуқароси бўлмаган депортация қилинган шахсларни қабул қилиш бўйича камида 30 та давлат билан музокара олиб бормоқда. Бундан аввалроқ Wall Street Journal нашри Оқ уй Африка, Осиё ва Шарқий Европадаги бир нечта давлатлар билан мигрантларни қабул қилиш бўйича келишув тузишга уринаётгани ҳақида ёзган эди. Улар орасида Ливия, Руанда, Молдова, Монголия ва Косово бор.

WP нашрининг қайд этишича, Трамп маъмурияти АҚШдан неча киши депортация қилинганини кузатишни қийинлаштирган — Ички хавфсизлик статистика бошқармаси ҳар ойлик ҳисобот эълон қилишни тўхтатган.

Ички хавфсизлик вазирлиги матбуот котиби Триша Маклафлинга кўра, 2025 йил март ойи охирига келиб АҚШдан 100 мингдан ортиқ мигрант депортация қилинган. Бу рақам ичига мамлакат ичида қўлга олинганлар ҳамда чегарада ушланганлар киради.

2025 йил февраль ойида АҚШ расмийлари Осиё давлатларидан келган юзлаб мигрантларни, жумладан, Ўзбекистон фуқароларини Панама ва Коста-Рикага депортация қилган.