Тошкентда «Тоза пойтахт» чиқиндиларни олиб чиқиш назорати тизими ишга туширилмоқда

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг хабар беришича, пойтахтда маиший чиқиндиларни олиб чиқиш жараёнини тўлиқ рақамлаштириш режалаштирилган.

Олмазор туманида 2025 йил 13 августдан бошлаб чиқиндиларни олиб чиқишни назорат қилиш бўйича «Тоза Пойтахт» тизими синов тариқасида ишга туширилди.

Янги тизим ёрдамида маҳаллалар кесимида ва белгиланган жадвал асосида чиқинди йиғиш техникаси ишини режалаштириш мумкин бўлади. Ҳудудлар Экология вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Миллий гвардия ҳамда «маҳалла еттилиги»га бириктирилади.

Тизимнинг имкониятлари:

  • Чиқинди ташиш машиналарининг маҳаллалар ички кўчаларидаги ҳаракатини кузатиш.
  • Чиқиндилар ҳажмини ҳисоблаш.
  • Юридик шахслар учун хизматлар сифатини баҳолаш.
  • Марказий ва ички кўчаларнинг санитария ҳолатини назорат қилиш.

Маълумотлар инсон иштирокисиз автоматик равишда тўпланади, шу жумладан, бажарилмаган ишлар ва чиқиндилар олиб чиқиб кетилмаган манзиллар ҳақидаги маълумотлар ҳам.

Тизимни 2025 йил 1 сентябрга қадар пойтахтнинг барча туманларида босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган. Лойиҳадан мақсад — шаҳар тозалигини таъминлаш, хизмат сифатини ошириш ва техника ишини мониторинг қилишни йўлга қўйиш.

Пойтахт маъмурияти матбуот хизматининг аниқлик киритишича, жараённи назорат қилиш ҳокимият томонидан, диспетчерлик эса «Махсустранс» ДУК томонидан амалга оширилади. Синов муддати тугагандан сўнг (20-30 кун) тизимдан аҳоли ҳам фойдаланиши мумкин бўлади.

Тошкент Маҳаллалар уюшмаси раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев ушбу тизим маҳалла раислари ва «маҳалла еттилиги» учун фойдали восита бўлишини таъкидлади. «Махсустранс» ДУК, Экология вазирлиги ва Миллий гвардия вакиллари ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ўз таклифларини киритди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2025 йил 1 августдан бошлаб электр энергияси учун тўловлар маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўловларга боғланди.

Президент фармонига кўра, 2026 йилдан бошлаб санитар тозалаш корхоналари чиқинди йиғиш шохобчаларига видеокамералар ўрнатиши, шунингдек, чиқинди ташиш машиналарини GPS-трекерлар билан жиҳозлаши шарт. Аҳолидан шикоятларни қабул қилиш учун колл-марказ ташкил этиш режалаштирилган.