Ўзбекистонда тўй ва оилавий тантаналар ўтказиш қоидаларига оид янги ҳужжат тайёрланмоқда

Ўзбекистонда тўйлар, дафн маросимлари, оилавий тантаналар ва бошқа маросимларни тартибга солиш учун янги ҳужжат ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда. 2025 йил 21 апрель куни қабул қилинган Президент фармойишида назарда тутилган.

Август ойига қадар Олий Мажлис палаталарининг бундай тадбирларни тартибга солишга оид қўшма қарор лойиҳасини киритиш режалаштирилган. Ҳужжат 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида билдирилган топшириқларни амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилмоқда. Мазкур кенгашга Сенат раиси Танзила Норбоева раҳбарлик қилади.

Лойиҳа ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантиришга қаратилган янги механизмларни назарда тутади.

Унинг ишлаб чиқилиши учун парламент, хусусан, палаталар раислари Танзила Норбоева ва Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги гуруҳ, Маданият вазирлиги (Озодбек Назарбеков), Хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича қўмита (Мукаррам Нурматова), ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита (Содиқ Тошбоев) масъул бўлади.

Бундан ташқари, тўй, дафн маросимлари, урф-одатлар ва бошқа оилавий тадбирларда исрофгарчиликнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

Улар орасида — оилавий тадбирларда ортиқча дабдабани олдини олиш мақсадида ижтимоий видеороликлар тайёрлаш ва тарқатиш, аҳоли ўртасида кенг қамровли ахборот-тарғибот кампанияси ўтказиш, қисқа метражли фильмлар, ижтимоий реклама, телекўрсатувлар, радиодастурлар, подкастлар ва мақолаларни ишлаб чиқиш ва тарқатиш, исрофгарчиликнинг салбий оқибатларини ёритиш назарда тутилган.

Ўтмишда Ўзбекистонда тўйлар ва бошқа маросимларни тартибга солишга бир неча бор уринишлар қилинган. Президент Шавкат Мирзиёев оилавий маросимлар тартибини белгилаш ва исрофгарчиликка, дабдабабозликка йўл қўймаслик зарурлигини бир неча бор таъкидлаган. 2017 йил август ойида ижодкорлар билан учрашувда у: «Тўйлар ва бошқа маросимлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минглаб оилаларнинг иқтисодий аҳволига, умуман, бутун ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда», — деб баёнот берган.

Шу муносабат билан Президент ҳукуматга бир ой муддатда оилавий маросимларни тартибга солишга оид қарор лойиҳасини тайёрлашни топширган.

2018 йил март ойида шунга оид ҳужжат лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинган, аммо қабул қилинмаган. Сенат ҳудудларда аҳоли фикрини ўрганиб, тўйлар ва бошқа оилавий тадбирларга чекловлар жорий этмаслик ҳақида қарор қабул қилган.

2020 йилда парламент тўйлар ва бошқа оилавий тантаналарни (дафн маросимларидан ташқари) фақат бир кунда, соат 06:00 дан 23:00 гача ўтказиш тартибини тасдиқлаган. Меҳмонлар сони тантанада 200 нафаргача, паловда 250 нафаргача этиб белгиланган. Агар икки тўй бўлса, мос равишда 250 ва 300 нафаргача рухсат берилади. Тадбирларни соат 23:00 дан кейин ўтказиш тақиқланган.

Ташкилотчилар тадбир ҳақида олдиндан маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши шарт. Автотранспортдан фойдаланиш учта енгил машина билан чекланган. Санъаткорлар ва тўйхоналар билан расмий шартномалар тузилиши лозим. Ортиқча дабдабалар, намойишкорона харажатлар ва анъаналарга ҳамда маънавиятга зид маросимларга йўл қўйилмайди.

Қоидаларга риоя этилишини ҳокимликлар, ички ишлар органлари, прокуратура ва солиқ органлари назорат қилади. Тадбирларнинг тежамкорликда ўтказилиши учун шахсан маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари жавобгар ҳисобланади.

Шу билан бирга, ушбу талабларга амалда кўпинча амал қилинмайди ва назорат қилинмайди.

2020 йил март ойида тўйлар ва бошқа оилавий маросимларни ўтказиш тартибига риоя этмаслик учун жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192−1-моддасига кўра, ушбу маросимларни ўтказиш тартибини бузган фуқароларга 10 баравар базавий ҳисоблаш миқдори (3,75 млн сўм), мансабдор шахслар ва муассаса эгаларига 30 БҲМ (11,25 млн сўм), такрорий ҳолда — 50 БҲМ (18,75 млн сўм) миқдорида жарима белгиланган.

Бироқ бу модда бўйича кўриб чиқилган ишлар сони жуда оз. Масалан, «Газета.uz» таҳлил қилган суд қарорларига кўра, жорий йил бошидан 4 та иш кўриб чиқилган, 2024 йилда — 9 та, 2023 йилда — 4 та, 2022 йилда — 0, 2021 йилда — 15 та, 2020 йилда — 0.