Тўхташ ва тўхтаб туришни тақиқловчи белгиларнинг ўрнатилиши тўлиқ қайта кўриб чиқилади (видео)

Ўзбекистонда «Тўхташ тақиқланган» ва «Тўхтаб туриш тақиқланган» йўл белгиларининг ўрнатилиши асослилиги тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақдаги қарор президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинди, дея хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Зарур бўлмаган жойларда ўрнатилган белгилар олиб ташланади. Шу билан бирга, тегишли белгиларнинг амал қилиш вақтини кўрсатувчи қўшимча ахборот белгиларининг ўрнатилиши таъминланади», — дейилади хабарда.

«Белгиларда кўрсатилган амал қилиш вақтидан ташқари транспорт воситаларининг тўхташи ва тўхтаб туришига рухсат этилади. Масалан, агар „Тўхтаб туриш тақиқланган“ белгиси остига „7:00—21:00“ амал қилиш вақти кўрсатилган қўшимча белги ўрнатилган бўлса, унда бу жойда соат 21:00 дан 7:00 гача эркин парковка қилиш мумкин ва бу қоидабузарлик ҳисобланмайди», — дея тушунтирди Шерзод Асадов.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ҳайдовчилари ўн йиллар давомида тўхташ ва тўхтаб туришни тақиқловчи белгиларнинг асоссиз ўрнатилишидан шикоят қилиб келишади. Кўп ҳолларда у ёки бу жойда белгиларнинг мавжудлиги мантиғини тушунтиришнинг иложи йўқ.

Тошкент шаҳрида ҳокимият бир неча бор белгиларнинг ўрнатилиши асослилигини қайта кўриб чиқишга ваъда берган, аммо тўлиқ қайта кўриб чиқиш шу пайтгача бўлмаган. Ушбу белгиларга эътиборсизлик қилиш Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларининг энг кенг тарқалган бузилишларидан биридир. ЙҲХБ барча жойларда чекловларнинг бажарилишини жисмонан назорат қила олмаган.