«Тошшаҳартрансхизмат» собиқ раҳбарига тайинланган жазо озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси суди 2025 йил 5 июнь куни «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси бошқарувининг собиқ раиси Анвар Жўраев ва яна 19 кишига нисбатан чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқди.

Қайта кўриб чиқиш натижасида Анвар Жўраевга 4 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди ва 3 йил муддатга «Тошшаҳартрансхизмат» тизимида моддий жавобгарлик ва раҳбарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. У суд залидан озод қилинди.

Иш бўйича бошқа фигурантлар — Анвар Жўраевнинг ўринбосарлари, пойтахт автосаройлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари — илгари турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган бўлсалар-да, уларнинг жазоси ҳам озодликни чеклаш жазосига юмшатилди. Эслатиб ўтамиз, унга кўра маҳкумларга иш ёки ўқиш вақтидан ташқари уйдан чиқиш тақиқланади.

Ҳужжатга кўра, суд ишни қайта кўриб чиқишда Анвар Жўраев ва бошқа 19 нафар маҳкум томонидан содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, унинг шахсини, судланмаганлигини, оилавий аҳволини, шунингдек, жиноят оқибатида етказилган мулкий зарарнинг тўлиқ қопланганлигини инобатга олди.

Эслатиб ўтамиз, Анвар Жўраев 2024 йил февраль ойида ҳибсга олинган эди. Кўп ўтмай, терговни Давлат хавфсизлик хизмати олиб бораётгани, ТШТХ собиқ раҳбари корхона бош муҳандиси ва иккита автобус саройи раҳбарлари билан эҳтиёт қисмлар ва ёнилғини талон-торож қилишда тил бириктирганликда гумон қилинаётгани эълон қилинди. Анвар Жўраев тергов давомида айбини тан олмаган эди.

Суд жараёни 2024 йил 23 сентябрда бошланган. 2025 йил февраль ойида суд ТШТХ собиқ раҳбарини талон-торож қилиш, сохтакорлик, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва жиноий даромадларни легаллаштиришда айбдор деб топиб, уни 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган эди.