Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 06/02/2026

Тошкентнинг қайси кўчаларида тўсиқлар ўрнатилмоқда ва лойиҳа ижрочиси ким?

Қурилиш соҳасидаги давлат харидлари тендер платформаси маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Тошкент кўчаларида металл тўсиқларни ўрнатиш билан Qarshi Stroy Sentr компанияси шуғулланмоқда.

2017–2018 йилларда шаҳар бўйлаб демонтаж қилинган тўсиқлар «Тошкент шаҳри кўчалари ва йўлларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида» қайтарилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» томонидан 2025 йилнинг 10 ноябридан 28 ноябригача ўтказилган тўсиқларни ўрнатиш бўйича тендерда шундай изоҳ берилган.

Шу билан бирга, тўсиқлар ўрнатиб бўлинган участкаларда улар ҳайдовчи ва пиёдаларнинг кўриниш майдонига халақит бераётганини кўриш мумкин. Айнан шу сабабли тўққиз йил аввал шаҳар улардан воз кечган эди.

Лотнинг бошланғич нархи 6,3 млрд сўмни ташкил этган. Қуйидаги компаниялар ўз таклифлари билан чиққан:

  1. Qarshi Stroy Sentr
  2. Qurilish Impex Group
  3. Zastroy
  4. Star Invest Build
  5. Horizon Builders
  6. Bunyodkor Kompleks Invest
  7. Elmurod Qurilish Servis.

Платформа баҳосига кўра, энг юқори балл тўплаган Qarshi Stroy Sentr ғолиб деб топилган. Шу билан бирга, протоколда барча талабгорлар томонидан бир хил нарх — 6 006 446 265,20 сўм кўрсатилган. Бошқа лотларда ҳам худди шундай бир хил суммалар қайд этилган.

Лойиҳа ташкилоти сифатида 155,5 млн сўм таклиф қилган Ishonch Yo’l Loyiha компанияси танланган.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ бошлиғи билан келишилган ва «Ягона буюртмачи хизмати» бош муҳандиси в.в.б. томонидан тасдиқланган лойиҳаолди топшириғига кўра, тўсиқларнинг умумий узунлиги 18,1 км ни ташкил этади.

Кўчалар рўйхати

Хусусан, тўсиқлар қуйидаги кўчаларнинг марказий қисмида пайдо бўлади:

  • Ислом Каримов кўчасида — «Халқлар дўстлиги» саройидан Вазирлар Маҳкамасигача бўлган бутун қисмда (1,8 км);
  • Мирзо Улуғбек кўчасида — Дўрмон йўли ва Феруза кўчаси оралиғида, 6-поликлиникадан Гинекология институтигача бўлган қисмда (1,6 км);
  • Феруза ва Юзработ кўчаларида — Экобозордан темир йўл чизиғигача (3,55 км);
  • Миробод кўчасида — Шота Руставели ва Афросиёб кўчалари оралиғида, «Гранд Мир» меҳмонхонасидан Ўзбекистон ИИВ биносигача бўлган қисмда (1,45 км);
  • Сағбон кўчасида — «Чорсу» бозори қаршисида (1,2 км);
  • Янгишаҳар кўчасида — Аҳмад Дониш ва Янги Юнусобод кўчалари оралиғида, Юнусобод деҳқон бозори қаршисида (1,1 км);
  • Алишер Навоий ва Беруний кўчаларида — Фурқат кўчасидан Озод кўчасигача, «Кўкалдош» мадрасаси қаршисида (1,75 км).

Бундан ташқари, йўлнинг четки қисмларига ҳам тўсиқлар ўрнатиш режалаштирилган:

  • Кичик ҳалқа автомобиль йўлида — Педагогика институти (700 м) ва Ўзбекистон жаҳон тиллари университети (600 м) қаршисида.

Тўрли панжаралар («евротўсиқ» типидаги) қуйидаги жойларда кўзда тутилган:

  • Бектемир шоҳкўчаси маркази бўйлаб, ТҲАЙ кўпригида «Қўйлиқ» бозори қаршисида (250 м);
  • Қорақамиш 1 кўчасида — Qush bozori қаршисида (1,4 км);
  • Авиасозлар кўчасида — «Авиасозлар» бозори қаршисида (300 м);
  • ТҲАЙда — Ибн Сино мавзеси қаршисида (2 км);
  • ТҲАЙ йўли четларида «Фаввора» ресторани қаршисида, «Сассиқ» кўпригидан Қўйлиқ йўналиши бўйлаб (200 м);
  • Янги Сергели кўчасида — автомобиль бозори қаршисида (250 м).

Qarshi Stroy Sentr компаниясидан маълум қилинишича, лойиҳа тўсиқларни ишлаб чиқариш ва ўрнатишни ўз ичига олади. Вакил иш ҳажми 6 млрд сўмни ташкил этишини тасдиқлади, ваҳоланки тўсиқлар узунлиги 20 км гача етган. Ишларни 2026 йил февраль ойи якунигача тугатиш режалаштирилган.

«Лойиҳа якунида фойда ёки зарар бўлиши маълум бўлади. Катта эҳтимол билан — зарар», — дея таъкидлади компания вакили.

Суҳбатдош, шунингдек, мижозлар учун тўсиқлар ишлаб чиқаришга тайёрлигини, аммо ўрнатиш учун бошқа компанияни жалб қилишга тўғри келишини, чунки ҳозирда «иш ҳажми катталиги сабабли» улгурмаётганларини билдирди.

Компания аввал ҳам «Ягона буюртмачи хизмати» буюртмаларида иштирок этган. 2024 йил февралида у «Умид» спорт мактабини 11,9 млрд сўмга реконструкция қилиш бўйича шартнома имзолаган эди.

Ҳокимлик билан амалга оширилган сўнгги қўшма лойиҳалар қаторида Тошкентнинг Яшнабод туманидаги 28-оилавий поликлиникани 1,45 млрд сўмга реконструкция қилиш ва ҳудудини асфальтлаш, Юнусобод туманидаги 250-мактаб синфхоналари ва йўлаги полларини 1,34 млрд сўмга таъмирлаш ва бошқалар бор.

Qarshi Stroy Sentr 2019 йил 12 январда Тошкент вилоятининг Бўка туманида рўйхатдан ўтган, устав фонди — 5,79 млрд сўм. Асосий фаолият тури — турар жой биноларини қуриш.

Ягона таъсисчи ва раҳбар Жасур Маримович Авезов ҳисобланади. У шунингдек, Jasur Oliy Savdo ва Farhod Jasur Savdo Kompleks компанияларида ҳам улушларга эга.

2025 йили Тошкентда тўрли «евротўсиқлар» ўрнатиш бошланган эди. Пойтахт ортидан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ҳам тез фурсатда бу тажрибани қўллай бошлади.

Шаҳарсозлик бўйича экспертларнинг таъкидлашича, бундай ҳаракатлар билан ҳукумат автомобиллар устуворлигини кўрсатмоқда, тўсиқлар эса кўчаларни хавфсизроқ қилиш ўрнига, вазиятни янада ёмонлаштириши мумкин.