
Тошкентда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг (Тошкент шаҳридан ташқари) бошқа ҳудудлари аҳолисини ҳақорат қилган икки йигит жавобгарликка тортилди. Бу ҳақида Milliy телеканали хабар берди.
Видео 2025 йил 28 февраль куни суратга олинган ва 1 март куни эълон қилинган. Унда йигитлар ҳудудлар аҳолисини ҳақорат қилиб, уларни Тошкентга келмасликка ва ўз вилоятларида яшашга чақирган.
2004 ва 2005 йилларда туғилган ёшларга нисбатан иш Юнусобод туман жиноят ишлари бўйича судида кўриб чиқилди. Маълум бўлишича, улардан бири Қашқадарё вилоятидан, иккинчиси эса Самарқанд вилоятидан.
Телеканалга берган интервьюсида видео муаллифларидан бири уларнинг «мақсади ҳудудий ажралишни қўзғатиш ёки кимнидир камситиш эмаслигини» айтди: «Биз видеони ўзимиз учун тасвирга олдик. Тўрт соат ичида жуда кўп томошабин йиғди, шундан сўнг ўчирдик. Бизни кечиришларини сўраймиз».
Суд уларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича айбдор деб топиб, ҳар бирини 10 суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилди.