
Бугунги кунда Тошкентда 75 та мактаб ва болалар боғчасига, шунингдек, 23 та спорт объектига эҳтиёж мавжуд. Бу ҳақда 2025 йил 16 декабрь куни пойтахт ривожланишига бағишланган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Аҳоли сонининг ҳар йили ўсиб бориши муносабати билан шаҳардаги мактаб ва боғчаларда 100 мингдан ортиқ ўринга эҳтиёж борлиги қайд этилди.
Давлат раҳбари туман ҳокимлари ўзлари маблағ жалб қилиб, ҳар йили биттадан мактаб, боғча ва спорт объекти қуришини белгилаб берди. Қолган 15 та мактаб ва боғча, шунингдек, 11 та спорт объектини инвестиция дастури доирасида барпо этиш режалаштирилган.
2026 йилда инфратузилма лойиҳаларига давлат кафолатисиз яна 300 миллион доллар жалб қилиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
2025 йилдан бошлаб Тошкентнинг ҳар бир туманидаги биттадан мактабда таълим сифатини оширишга қаратилган «Тошкент тажрибаси» лойиҳаси йўлга қўйилди. Унинг доирасида 7−11-синфларнинг 1500 нафар ўқувчиси саралаб олиниб, ИТ, тиббиёт, бизнес ва муҳандислик йўналишлари бўйича таълим олмоқда.
Ўқувчиларнинг ўзлаштиришига қараб, уларнинг ўқитувчиларига 20 миллион сўмгача ойлик иш ҳақи тўланмоқда, дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев ушбу тажрибани кенгайтириш ва мазкур модель асосида ишлайдиган мактаблар сонини келгуси йилда 24 тага, 2027 йилда эса 33 тага етказиш вазифасини қўйди.