
2026 йил 16 февраль куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Беилтепа кўчасидаги хусусий уйда содир бўлган ёнғин оқибатида уч киши ҳалок бўлди ва бир киши тан жароҳати олди, деб хабар берди Milliy TV телеканалининг Millar кўрсатуви.
Пойтахт ФВБ маълумотларига кўра, ёнғин ҳақидаги хабар соат 20:51 да келиб тушган. Ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига соат 20:54 да етиб борган. Олов соат 21:29 да қуршаб олинган ва 21:38 да ўчирилган. Хабарда жабрланганлар ҳақида маълумот йўқлиги айтилган эди.
Кўрсатувда маълум қилинишича, ёнғин ўчирилгандан сўнг уч кишининг — она ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзандининг жасади топилган.
Гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра, она болалари билан бўлган хонага кириш имкони бўлмагани сабабли қўшнилар томонидан деворни бузиб киришга тўғри келган. «Киришга муваффақ бўлганимизда, аллақачон кеч эди», — деди.
Ҳодиса сабаблари юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.