Тошкентда йирик фирибгарликда гумонланаётган шахс қамоққа олинди

Тошкентда фирибгарликда гумон қилинаётган 39 ёшли Ҳайрулло Шокиров қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

ИИББ маълумотларига кўра, у Instagram, Telegram ва YouTube тармоқларида профиллар очиб, ўзини йирик дистрибьютор ва тадбиркор сифатида таништирган. Ҳайрулло Шокиров ижтимоий тармоқларда гўёки хориждан катта миқдордаги анор шарбати ва салқин ичимликлар олиб келиш ҳамда уларни Ўзбекистон ҳудудидаги савдо шохобчаларига етказиб бериш ваколатига эга эканини даъво қилган. Эркак фуқароларга дистрибьюторлик фаолиятидан юқори даромад ва фоизлар ваъда қилган.

«У олдиндан ёлғонлигини билган ваъдаларни бериб, фуқароларнинг ишончига кирган ва натижада уларга жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган», — дейилади ИИББ хабарида.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Эҳтиёт чораси сифатида у қамоққа олинган.

ИИББ унинг ҳаракатларидан жабр кўрганларни тергов бошқармасининг 71-206-40-99, 71-206-42-52 телефон рақамларига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишни сўрайди.