
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда хавфсиз муҳитни таъминлашнинг «намунавий» моделини жорий этиш бошланганини, кейинчалик у мамлакатнинг барча ҳудудларига татбиқ этилишини маълум қилди. Бу ҳақда 2026 йил 27 январь куни пойтахтда бўлиб ўтган, жиноятчиликка қарши курашиш ишлари кескин танқид қилинган йиғилишда айтиб ўтди.
Давлат раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари 4 та йўналиш: уюшган жиноятчилик, наркожиноятчилик, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида ягона тизим бўлиб ишлаши кераклигини таъкидлади. Бунда ходимлар дунёқарашини ўзгартириб, янгича ишлашни бошлаши зарур, деди.
Хавфсиз муҳит яратиш доирасида Тошкентнинг ҳар бир туманига биттадан вазир ва Президент администрацияси вакили бириктирилади. Муаммоларни илмий асосда ҳал этишга ҳуқуқни муҳофаза қилиш олий ўқув юртлари жалб қилинади. Уларнинг кафедралари ярим йил давомида маҳаллаларда ишлаб, «маҳалла еттилиги» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини янги тизим бўйича ўқитади. Ушбу олийгоҳларнинг 3-4-курс талабалари дуал таълим асосида профилактика ва жамоат тартибини сақлаш хизматларида стажировка ўтайдилар.
Шундай тизим Тошкентга туташ бўлган ва шаҳардаги криминоген вазиятга таъсир кўрсатадиган Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларини ҳам қамраб олади.
Ислоҳот Чилонзордан бошланади
Янги тизимни жорий этиш Тошкентнинг Чилонзор туманидан бошланади. 2025 йили туманда олдини олиш мумкин бўлган 1407 та жиноят содир этилган, уларнинг 40 фоизи маҳаллалар ҳудудига тўғри келган. Ўғрилик, талончилик, тан жароҳати етказиш ва безорилик каби жиноятлар асосан тунги вақтда содир этилган.
Жамоат хавфсизлиги кучларини бошқариш янгича ташкил этилади. Патруль-пост, йўл-патруль, қўриқлаш ва профилактика хизматлари уч сменали туну кун иш режимига ўтади. Бунда патруллик қилишнинг 70 фоизи соат 17:00 дан 03:00 гача бўлган вақт оралиғида амалга оширилади.
5 дақиқада етиб келиш
Патруль гуруҳлари ҳуқуқбузарлик ҳақида сигнал олгандан кейин воқеа жойига 5 дақиқа ичида етиб бориши шарт, деди президент. Тумандаги 5 та ички ишлар бўлими бошлиқларининг ўринбосарлари бевосита маҳаллаларда тунги навбатчиликни олиб боради. Тунги вақтда улар ўз бошлиқларига берилган барча ваколатларга эга бўладилар, мустақил қарор қабул қиладилар ва тўлиқ жавобгарликни ўз зиммаларига оладилар.
Бундан буён туман ИИБ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари ва 5 та бўлим бошлиғи ўринбосарлари бошқа ҳеч қандай ишга жалб этилмайди. Уларнинг фаолияти фақат вазир фармойиши билан тартибга солинади.
Судья ва адвокатларнинг тунги навбатчилиги
Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимларига тунги навбатчиликнинг ҳар бир соати учун базавий ставканинг 5 фоизи миқдорида компенсация тўланади. Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулайлик яратиш мақсадида судлар, адвокатлар ва суд-тиббий экспертиза ходимларининг марказлашган тунги навбатчилигини ташкил этиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш топширилди. Аҳоли зич жойлашган ҳудудларда дронлар ёрдамида патруль назоратини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Барча ИИО ходимлари мурожаатларни қабул қилади
Чилонзор туман ИИОнинг барча ходимлари, фаолият соҳаси ва хизмат жойидан қатъи назар, фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилади. Кўчада формадаги ходимга мурожаат қилиш «102» рақамига қилинган хабарга тенглаштирилади. Янги йил бошида давлат раҳбари йил якунига қадар Ўзбекистонда фуқароларнинг оғзаки мурожаатларини соҳа ва ҳудуддан қатъи назар, ИИО ходимларининг планшетлари орқали қабул қилиш амалиётини жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.
Тумандаги барча 55 та маҳаллада профилактика инспекторлари хоналарининг эшиклари улар билан тезкор алоқа тугмачаси билан жиҳозланади. Инспектор қаерда бўлишидан қатъи назар, аҳоли у билан уяли телефон ва унинг планшети орқали туну кун боғланиши мумкин бўлади.
Протоколлар сони сифат кўрсаткичи бўлмайди
Президент профилактика инспекторлари учун «халққа ёқадиган» янги «замонавий» форма ишлаб чиқишни топширди. Инспекторлар иши рақамлаштирилади. Бундан ташқари, «овозли» тушунтириш хатларини олиш амалиёти жорий этилади.
Туман ИИО тергов бўлимида материалларни ўрганадиган терговга қадар текширув гуруҳлари ташкил этилади. Бундан буён ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш профилактика инспекторларининг KPI (иш самарадорлиги кўрсаткичлари)ни белгилаш учун мезон бўлмайди.
Президент, шунингдек, 2014 йилдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонун жуда декларатив руҳда ёзилганини айтди. Амалиётда ишлайдиган, реал вазиятдан келиб чиқадиган янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни профилактика ва самарадорликни оширишга эътибор қаратган ҳолда янгилаш муҳимлигини таъкидлади.