15 ноябрда гиёҳвандликка қарши курашиш ва гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга бағишланган тадбир Тошкентда бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимованинг айтишича, Ўзбекистон миқёсида Тошкент шаҳри гиёҳвандлик истеъмоли бўйича етакчилик қилиб келмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Тошкент шаҳрида 18 ва 30 ёш оралиғида 473 минг эркак ва аёл жинсига мансуб фуқаро (ёшлар) истиқомат қилади. Улардан 6 минг нафари “муаммоли” ҳисобланади. Шу айтилган 6.000 ичидан 373 нафари гиёҳвандликка чалинган ва психотроп воситаларни истеъмол қилади.
Ҳоким ўринбосарининг сўзларига кўра, бундай ёшларга алоҳида эътибор берилмоқда ва уларни иш билан таъминлаш, янги мутахассисликка ўргатиш, спорт ва тадбиркорлик билан шуғулланиш учун имкониятлар яратилмоқда.
Афсуски, Тошкент шаҳрида мактаб ўқувчилари орасида синтетик гиёҳвандлик истеъмоли ҳам ортиб бормоқда. Ҳозирда 10-11 синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари билан профилактик учрашувлар ўтказилмоқда ва талабалар орасида ҳам гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчиларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Юқоридаги профилактик ҳаракатларга қўшимча равишда, ёшларга бўш вақтини фойда билан ўтказиши учун имкониятлар ва платформалар яратиш кераклиги таъкидланган. Уларни қизиқишини спорт, фан, маданият, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларга йўналтиришга урғу бериш лозим.