Тошкентда Шимолий вокзал ёнидаги ер ости йўлида савдони жонлантириш режалаштирилмоқда

«Тошкент» метро бекати ва Шимолий вокзал оралиғидаги ер ости йўлида савдо ва хизмат кўрсатиш пунктларини қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 23 сентябрь куни халқ депутатлари кенгаши йиғилишида Тошкент шаҳар ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Ҳайдаров маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳани давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш режалаштирилган.

«Ўзингизга маълум, илгари айнан шу вокзал олдидаги ер ости йўлида турли дўконлар жойлашган, савдо-сотиқ бўлган. Бу жуда жонли жой эди. Ҳозир эса мана бир неча йилдан бери бутунлай бўш турибди4000 кв. м», — деди Ҳайдаров.

Унинг сўзларига кўра, бу жойда кўпроқ аҳолини жалб қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилмоқда.

«Кейинчалик ҳудуднинг бир қисмини ўқув марказлари учун, бир қисмини эса савдо-хизмат кўрсатиш объектлари учун фойдаланиш мумкин», — дея қайд этди.

Хусусан, 1990-йиллар охиридаёқ Тошкентдаги йирик ер ости ўтиш жойларида ҳаёт қайнарди. Пойтахтдаги энг катта ер ости йўлида — Шимолий вокзалда фаол савдо юритилган. Бу ерда озиқ-овқат маҳсулотлари, газеталар, биринчи эҳтиёждаги ноозиқ-овқат маҳсулотлари — тиш чўткалари, ҳожатхона қоғози, дезодорантлар ва йўлда керак бўладиган бошқа нарсалар, ҳатто заргарлик буюмлари, зонтиклар, кийим-кечаклар, аудио ва видео кассеталар сотиладиган дўкончалар ўрнатилган эди. Бундан ташқари, Шимолий вокзалдаги ер ости йўлида пойабзал ва соат тузатиш хизматлари ҳам кўрсатилган.

Бугунги кунда бу ер ости йўли ўзининг улкан майдони туфайли одамларсиз кўринади. Бу ерда қоронғу ва ноқулай. Кўп одамлар кўчани ер устидан кесиб ўтишда давом этмоқда.

Қонуний ва тартибли савдо — ер ости ўтиш жойларининг энг кенг тарқалган функцияларидан бири. Ижара шаҳарнинг ер ости ўтиш жойларини сақлаш учун қиладиган зарарини минималлаштириши ва ҳатто фойда келтириши мумкин.