
Республика онкология ва радиология маркази ҳамда Тошкент шаҳар онкология диспансерининг эски биноларини аввалгидек тиббиёт муассасаси сифатида ишлатиш имконсиз. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Алишер Бобоев Олмазор туманидаги янги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташрифи чоғида маълум қилди. Ушбу марказга 2025 йил декабрь ойида республика ва шаҳар онкология марказлари кўчиб ўтган эди.
Алишер Бобоев ягона онкология марказини ташкил этиш тўғрисидаги қарор эски биноларнинг имкониятлари чеклангани, улар замонавий талабларга жавоб бермагани ва илғор даволаш технологияларини жорий этишга имкон бермагани сабабли қабул қилинганини таъкидлади.
«Биринчидан, аввалги биноларда тиббий ёрдам кўрсатиш шароитлари ва уни ташкил этишда жиддий камчиликлар бор эди: тўлиқ қувватли операцион ва диагностика заллари етишмасди, беморлар стационарда узоқ вақт қолишга мажбур бўларди. Иккинчидан, замонавий имкониятларга эга йирик марказ ташкил этиш ресурсларни бир жойга жамлашни талаб қилди. Агар бундай даражадаги хизматлардан фойдаланиш имкони бўлмаган шаҳар онкологияси алоҳида ишлашда давом этганда, пойтахт аҳолиси амалда ушбу технологиялардан маҳрум бўлар эди. Шунинг учун пойтахт ва бутун республика аҳолиси учун ягона марказ яратиш бўйича пухта ўйланган қарор қабул қилинди», — деди.
Янги онкология маркази ишга туширилганидан сўнг, аввалги биноларни онкология эҳтиёжлари учун сақлаб қолиш ёки қайта фойдаланишга зарурат қолмади, деди Алишер Бобоев.
Унинг сўзларига кўра, тиббий йўналиш сақлаб қолишга ҳаракат қилинган тақдирда ҳам, бу бинолар капитал таъмирлашни, айрим ҳолларда эса тўлиқ бузиб ташлаб, нўлдан қуришни талаб қилган бўларди. Шу муносабат билан ҳудудлар йўналишини ўзгартириш бўйича қарор қабул қилинди.
Шундай қилиб, Шайхонтоҳур туманидаги собиқ Республика онкология маркази биносини креатив индустриал паркка, Чилонзор туманидаги собиқ Тошкент шаҳар онкология шифохонаси ҳудудини эса жамоат яшил боғига айлантириш режалаштирилган.
«Ушбу ҳудудда 500 дан ортиқ кўп йиллик дарахтлар ўсмоқда. Асосий шарт — уларни сақлаб қолиш. Шунинг учун шаҳар онкология шифохонаси ўрнида Экопаркка ўхшаш жамоат яшил боғи ташкил этилади», — деди Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Ботирбек Исабеков.
Алишер Бобоев объектлар Давлат активларини бошқариш агентлиги балансига аниқ белгиланган мақсадли йўналиш билан ўтказилишини, бу эса тасдиқланган концепциясиз у ерда тижорий қурилишлар қилишни истисно этишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, шаҳар онкология шифохонасининг кўчирилиши ҳақидаги қарор жамоатчилик ўртасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлган эди: беморлар ва шифокорлар узун навбатлардан шикоят қилишган, иш ўринлари йўқолишидан хавотирланишган ва собиқ шифохона ҳудудларининг тақдиридан хавотир билдиришган эди. Хусусан, собиқ шаҳар онкология шифохонаси ходимлари муассаса ҳар йили 500 га яқин стационар бемор ва 10 мингдан ортиқ амбулатор беморга хизмат кўрсатганини қайд этишган. Шифокорлар шифохонанинг ёпилиши шаҳарликлар учун тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини заифлаштиришидан хавотирда эдилар.
Фаоллар, шунингдек, собиқ шифохона мажмуалари ҳудудининг катта қисмини ноёб дарахтларга эга яшил зоналар ташкил этиши ва бу қурувчиларни қизиқтириб қолиши мумкинлигига эътибор қаратишган эди. Бинолар ва ер участкаларининг келажаги борасидаги саволлар узоқ вақт давомида аниқ жавобсиз қолаётган эди.