Ҳокимликлар Тошкентда қурилиш қоидалари бузилган ҳолда бунёд этилаётган объектларнинг тўлиқсиз рўйхатини эълон қилди

Тошкентнинг айрим туманлари ҳокимликлари талаб этиладиган ҳужжатларнинг тўлиқ пакетисиз бинолар қураётган қурилиш компаниялари рўйхатини эълон қилди.

Аввалроқ пойтахт маъмурияти зарур ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли қарийб 60 та уй-жой қурилиши тўхтатилганини хабар қилган эди. Бинолар электр таъминотидан узилган, текширувлар олиб борилмоқда. Пойтахт маъмурияти аҳолига уй-жой сотиб олишда тавсиялар ҳам берди.

Шу билан бирга, шаҳар ҳокимлиги девелоперларнинг номларини эълон қилмади.

Мирзо Улуғбек туманида қуйидаги объектларнинг қурилиши тўхтатилгани маълум қилинди:

  • Nejin Parranda компанияси томонидан қурилаётган тўртта турар-жой мажмуаси;
  • Виталий Николаевич Хабаровга тегишли тўртта турар-жой мажмуаси;
  • Stroy-Golden Grand компаниясининг савдо офиси;
  • Баҳодир Тоҳир ўғли Мирзараимовга тегишли коттедж.

Тўхтатишга сабаб шаҳарсозлик келишувлари ва эксперт хулосаларининг йўқлиги, шунингдек, техник кўрикдан ўтмаганлиги бўлди. Объектлар электр тармоқларидан узилган.

Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги «Чоштепа» ва «Янги Дарҳон» маҳаллаларида бир қатор компаниялар зарур рухсатномаларсиз турар-жой мажмуаларини қурганлиги сабабли қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилганини хабар қилди. Уларнинг рўйхати келтирилмаган.

Бектемир туманида Юқори Чирчиқ кўчасида Ferrobeton, CityOil ва Oltin baliq компаниялари томонидан қурилаётган турар-жой мажмуаларининг қурилиши тўхтатилди.

Ҳокимлик томонидан эълон қилинган видеолавҳаларда Ҳусайн Байқаро кўчасидаги «Юксалиш» турар-жой мажмуаси қурилаётган Oltin baliq савдо офиси муҳрланаётгани кўрсатилган. Тегишли ҳужжат остида туман ҳокимлиги ва шаҳар хизматлари вакилларининг имзолари бор.

Қурилиш ишлари тўхтатилган барча объектлар меъморий-шаҳарсозлик кенгаши хулосалари, экспертизанинг йўқлиги, шунингдек, техник кўрикдан ўтмаганлиги сабабли электр таъминотидан узилган.