Тошкентда мактаб автобусларини йўлга қўйиш имконияти мураккаб вазифа — ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари

2025 йил 12 август куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгаши сессиясида пойтахтда мактаб автобусларини йўлга қўйиш имконияти муҳокама қилинди.

Мажлис иштирокчиларидан бирининг таъкидлашича, 25 майдан бошлаб шаҳар кўчалари сезиларли даражада бўшаб қолган — ўқув йили тугагач, ота-оналар болаларини мактабларга олиб боришни тўхтатган.

Бир қатор мамлакатларда мактаб автобуслари ёки шаттллар ўқувчиларни қатъий белгиланган ҳудуддан олиб кетадиган тизим мавжуд. Унинг сўзларига кўра, агар 20-30 нафар бола битта автобусда мактабга келса, бу йўлларда 20-30 та камроқ машина бўлишини англатади.

«Демографик вазият ва болалар сонини ҳисобга олсак, бу катта стратегияга айланиши мумкин. Бу масалани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан муҳокама қилиб, биргаликда ишлаш керак», — деди.

ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари Элмурод Алимов бу масала ўрганилганини, бироқ уни амалга ошириш қийинчиликларга дуч келаётганини айтди.

«Ҳозир Тошкентдаги мактабларга Тошкент вилоятидан ҳам келишмоқда. У ерда 15 та туман бўлса, у ердан ҳам келишмоқда. Имконият йўқ. Юнусобод туманига яқин атрофдаги Тошкент туманидан болалар олиб келинади. Ҳамма пойтахтнинг яхши мактабларига боришни истайди, шунинг учун болаларни битта ҳудуддан йиғиш қийин бўлади. Биз бу таклифни ўрганамиз», — деди ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари.

Аввалроқ Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг чекка ҳудудларида мактаб ўқувчилари учун бепул автобус қатновини тажриба тариқасида йўлга қўйиш режалаштирилган эди. Дастлаб лойиҳани Қорақалпоғистондан бошлашмоқчи эди. 2018 йилда мактаб автобусларини харид қилиш фақат чекка ҳудудлар учун кўриб чиқилган эди.