Тошкентда минорали кран қулаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, икки киши жароҳатланди

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Dombirobod City турар-жой мажмуаси қурилиш майдончасида ўрнатиш вақтида минорали кран қулаб тушди, дея хабар берди Ўзбекистон Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси.

Ҳодиса 2025 йил 8 сентябрь куни кечқурун содир бўлган. ИИББ маълумотларига кўра, кран кабинасида бўлган 25 ёшли кранчи ҳалок бўлган. Кранни ўрнатишда қатнашган яна икки ишчи (21 ва 25 ёш) жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган.

Қўмитанинг дастлабки маълумотларига кўра, бахтсиз ҳодиса монтаж ташкилоти томонидан техник талабларга риоя қилинмаганлиги сабабли содир бўлган. Хусусан, краннинг пастки қисми ишончли тарзда мустаҳкамланмаган ва у ағдарилиб кетган.

Ҳодиса сабабларини ўрганиш учун комиссия тузилган. Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлиши) бўйича жиноят иши қўзғатилган.