
Тошкентда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифларининг оширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда пойтахт халқ депутатлари кенгашининг 2025 йил 22 августдаги қарорида айтилган бўлиб, унда Veolia Energy Tashkent корхонасининг таклифи маъқулланган.
Аҳоли учун иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматлари учун янги чакана тариф ҚҚСсиз 15%га — 121 617 сўм/Гкалдан 139 860 сўм/Гкалгача ошади. Тарифлар охирги марта 2024 йил 15 ноябрда ошган эди.
Юридик шахслар учун тариф ҳам 40%га — 244 497 сўм/Гкалдан 342 296 сўм/Гкалгача ошмоқда. Бундан олдин у 2025 йил ноябрь ойида 15%га ошган эди.
Базавий тариф 7%га — 664 465 сўм/Гкалдан 711 641 сўм/Гкалгача ошади.
Бюджет ташкилотлари учун тариф 18,8%га — 801 963 сўм/Гкалдан 952 797 сўм/Гкалгача қимматлашади.
Янги тарифларнинг кучга кириш санаси кўрсатилмаган, аммо Veolia Energy Tashkent компанияси тарифларни 2025 йил 1 октябрдан бошлаб оширишни таклиф қилган эди. Ҳужжатни ҳали шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов имзолаши керак, тарифлар у имзолаганидан 15 кун ўтиб кучга киради.
Veolia Energy Tashkent бош директори Севара Пардаеванинг сўзларига кўра, пойтахт аҳолиси базавий тарифнинг 18%ни тўлайди, қолган қисми эса субсидия сифатида шаҳар бюджетидан қопланади. Ҳукумат 2030 йилгача иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматларига субсидия беришдан босқичма-босқич воз кечишни режалаштирмоқда.
«Бу жуда муҳим ва осон бўлмаган вазифа. Бугунги кунда аҳоли умумий тарифнинг атиги 18%ни тўлайди. Биз бу масалани Молия вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқмоқчимиз. Вазирликнинг ҳозирги сиёсати манзилли субсидиялаш — яъни ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам беришдан иборат», — деди у 12 август куни кенгаш йиғилишида.
Veolia Energy Tashkent кейинги 5 йил ичида тарифларни истеъмолчилар томонидан 100% тўланишига эришишни мақсад қилган.
Унинг аниқлик киритишича, 2025 йил газ ва электр энергияси тарифлари 1 апрелдан эмас, 1 майдан, иссиқлик манбаларига эса 15 июндан оширилган.
«Бошқа йўлимиз йўқ, ошириш зарур. Акс ҳолда, агар бу чора ҳар йили амалга оширилмаса, кейинги йилларда тарифларни 30%га эмас, балки 40-50%га оширишга тўғри келади», — дея таъкидлади Пардаева.
Тарифлар билан бирга субсидиялар ҳам ошмоқда
Эътиборли жиҳати шундаки, тарифлар билан бирга корхонага маҳаллий (баъзан давлат) бюджетдан тўланадиган субсидиялар ҳам ошмоқда. Эслатиб ўтамиз, пойтахт бюджетининг барча харажатларининг чорак қисми аҳоли учун пасайтирилган тарифлар қўлланилиши туфайли иссиқлик таъминоти корхоналарининг зарарларини қоплашга сарфланади. 2024 йилда бунинг учун 1,97 трлн сўм ажратиш режалаштирилган эди, бу 2023 йилдаги прогнозга (1,6 трлн сўм) нисбатан 22,8%га кўп.
Тошкент шаҳри бюджетининг 2025 йил учун умумий харажатлари ҳажми 9,697 трлн сўм даражасида прогноз қилинмоқда. Харажатларнинг қарийб 28% иссиқлик таъминоти хизматлари учун пасайтирилган тарифлар қўлланилиши билан боғлиқ зарарларни қоплашга йўналтирилади (2,71 трлн сўм, бу 2024 йил учун режалаштирилган кўрсаткичдан 37,6%га кўп).