Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 20/02/2026

Тошкентда эр-хотин инсон аъзолари савдосида гумонланмоқда

Тошкентда инсон аъзолари ва тўқималари савдоси билан шуғулланиб келган бир гуруҳ шахслар аниқланди, деб хабар берди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Муқаддам безорилик учун судланган 37 ёшли эркак хотини билан тил бириктириб, ижтимоий тармоқларда гўёки донор аъзоларига муҳтож бўлган шахслар, жумладан, болалар акс этган видеороликларни тарқатган. ИИВ томонидан кўрсатилган кадрларда 100 дан ортиқ аъзоси бўлган «Нужен донер (sic) почки» номли Telegram-гуруҳни кўриш мумкин. Турли кишилар томонидан қолдирилган хабарларда улар пулга муҳтожлиги ва аъзосини сотишга тайёрлиги айтилган.

Маълум қилинишича, илгари ўзида буйрак кўчириб ўтказиш операциясини бошдан кечирган гумонланувчи мижозларни операция қилиш учун Душанбедаги (Тожикистон) «Истиқлол» клиникасига олиб борган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари унга ёрдам берган шахсларни, жумладан, ижтимоий тармоқлардаги каналлар администраторини аниқлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 133-1-моддаси 2-қисми (инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олди-сотди қилиш, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса — 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар қўлга олинган.

2025 йил сентябрь ойида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари инсон аъзолари ва тўқималари савдоси билан шуғулланган 12 кишидан иборат гуруҳни қўлга олгани хабар қилинган эди. Гуруҳ қариндошлик ниқоби остида донорларни аъзоларни ноқонуний трансплантация қилиш учун хориждаги хусусий клиникага юборган. Икки йил давомида улар 32 нафар беморга аъзо кўчириб ўтказишни ташкиллаштирган.

Ўзбекистонда 2022 йилдаги қонун билан трансплантация қилинадиган инсон аъзолари ва тўқималарини олди-сотди қилиш, шунингдек, уларни мамлакатдан олиб чиқиш тақиқланган. Операцияларни фақат давлат тиббиёт муассасаларида ўтказишга рухсат берилган, бироқ бунга хусусий клиникаларга ҳам рухсат бериш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Ўша йили одамларни трансплантация учун аъзолари ёки тўқималарини олишга розилик беришга мажбурлаганлик, шунингдек, ушбу соҳадаги бошқа жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган эди.