
Тошкентда бир кеча-кундузда 3,5 тонна нон ва озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндига чиқарилмоқда. Бу ҳақда чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Идора маълумотларига кўра, Ўзбекистон пойтахтида ҳар куни 3000−3500 тонна чиқинди йиғилади. Унинг 0,1 фоизини нон ва озиқ-овқат маҳсулотлари ташкил этади.
2025 йил давомида шаҳарда жами 1,1 миллион тонна чиқинди йиғилган. Чиқинди олиб чиқиш хизмати бўйича абонентлар сони 755 минг кишини ташкил этади. Кўрсатилган хизматлар учун қарздорлик 19,9 миллиард сўмга етган.
«Агентлик томонидан олиб борилаётган тушунтириш ишлари натижасида чиқиндига ташланаётган нон ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми сезиларли даражада камайди. Улар учун барча чиқинди йиғиш шохобчаларида алоҳида контейнерлар ўрнатилган», — деб қайд этди агентлик.
Шу билан бирга, 2023 йилда «Махсустранс» чиқинди олиб чиқиш давлат корхонаси бош инспектори Исмоил Сагдуллаев Тошкентда ҳар куни қарийб 3 тонна нон ва нон маҳсулотлари чиқиндига ташланаётганини айтган эди. Ўшанда у ташлаб юборилаётган нон ва озиқ-овқат ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётганини таъкидлаган.
2022 йилнинг апрель ойида Адлия вазирлиги пойтахтда ҳар куни тахминан 2 тонна нон маҳсулотлари чиқиндига чиқарилаётгани ҳақида хабар берган эди.