
2025 йил 20 июль куни кундузи Тошкентнинг Учтепа туманида 64-сонли (18-автобус саройи) Mercedes-Benz Conecto автобусида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) матбуот хизмати хабар берди.
Ёнғин ҳақида хабар соат 12:44 да келиб тушган, ёнғин-қутқарув экипажлари соат 12:50 да воқеа жойига етиб борган ва соат 12:53 да ёнғин бартараф этилган, дейилади хабарда.
Жабрланганлар йўқ. Ёнғин сабаблари аниқланмоқда. Автобус таъмирлашга яроқсиз ҳолга келган.
Пойтахтда автобусларнинг ёниб кетиши асосан Mercedes-Benz русумли машиналарда содир бўлади. 2014 йилда «Тошшаҳартрансхизмат» асосий сабаблар қаторида конструктив камчиликларни кўрсатган эди. 2018 йилда шаҳарда навбатдаги ёнғин содир бўлганидан сўнг, 2008-2009 йилларда ишлаб чиқарилган ушбу русумдаги машиналардан фойдаланиш тўхтатилган эди. Текширувдан сўнг автобуслар ўз йўналишларига қайтарилди.