Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 28/02/2026

Тошкентда 9 та янги жамоат истироҳат боғи ташкил этилиши режалаштирилмоқда

Тошкентнинг тўққизта ҳудудида умумий майдони 134 гектар бўлган янги жамоат истироҳат боғларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. 2026 йил 26 февраль куни бўлиб ўтган тақдимотда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу ва бошқа таклифларни маъқуллади, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Яна қарийб 400 гектар майдонни яшил зоналар ташкил этади, улар янги қурилиш лойиҳалари ҳудудининг камида 30 фоизини эгаллаши керак.

Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги яшил майдонларни 3 баравар — 25 минг гектаргача ошириш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил майдонлар миқдорини эса 3 дан 6 квадрат метргача етказиш режалаштирилган.

Шаҳар муҳитини соғломлаштириш ва ҳаёт сифатини ошириш мақсадида яшил ҳудудларни кенгайтириш пойтахт ривожланишининг устувор вазифаси этиб белгиланди, дейилади хабарда.

1 гектаргача бўлган ерларда зич қурилишлардан воз кечиш

Прогнозларга кўра, 2045 йилга бориб Тошкент аҳолиси ҳозирги 3,1 миллиондан икки баравардан кўпроққа кўпаяди. Бу эса урбанизация жараёнларини уй-жой фонди, транспорт-логистика ва муҳандислик тармоқлари, шунингдек, ижтимоий инфратузилмага тушадиган юкламага мутаносиб равишда ривожлантиришни талаб этади.

Пойтахт расмийлари умумий майдони 2679 гектар бўлган 85 та қурилиш лойиҳаси таклифини кўриб чиқдилар. Ҳар бир лойиҳа ягона шаҳарсозлик ёндашуви, ҳудуднинг камида 30 фоизида яшил зоналар ташкил этиш имконияти мавжудлиги, эскирган участкаларни реновация орқали комплекс янгилаш, шунингдек, майдони 1 гектаргача бўлган участкаларда зич қурилиш (точка застройка) амалиётидан воз кечиш асосида баҳоланди.

Кўриб чиқиш якунларига кўра, 18 та лойиҳани амалга оширишга рухсат бериш, 12 та лойиҳани эса ер майдони, қаватлар сони ва концепциясига ўзгартириш киритган ҳолда оптималлаштириш таклиф этилди. 54 та лойиҳа концептуал жиҳатдан тўлиқ қайта кўриб чиқилиши керак деб топилди.

Шавкат Мирзиёев пойтахтда урбанизация жараёнларини жамоат манфаатлари, соғлом шаҳар муҳити талаблари ва экологик стандартлар билан боғлиқ ҳолда ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.

У амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича инфратузилма тўловларидан (қурувчилар томонидан шаҳарга тўланадиган маблағлар) тушадиган маблағлар биринчи навбатда янги яшил ҳудудларни яратишга, қолган қисми эса шаҳар инфратузилмаси объектларини қуришга йўналтирилиши кераклигини кўрсатиб ўтди.

Янгиҳаёт туманидаги «Янги авлод» махсус саноат зонасини кенгайтириш режалари алоҳида кўриб чиқилди.

Президент йирик саноат корхоналарини Тошкентнинг марказий қисмидан босқичма-босқич кўчириш ва экологик талабларга жавоб берадиган, юқори қўшилган қийматли ишлаб чиқаришларни жойлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Маъқулланган лойиҳаларни амалга ошириш натижасида пойтахтнинг йиллик қўшимча ялпи ҳудудий маҳсулоти 1,5 млрд доллар миқдорида шаклланиши, бюджетга 3,5 трлн сўм тушиши ва 260 мингта иш ўрни яратилиши кутилмоқда.