Тошкентда ҳужжатсиз 60 га яқин объект қурилиши тўхтатилди

Тошкентда қарийб 60 та турар-жой биносининг қурилиши керакли ҳужжатлар йўқлиги сабабли тўхтатилди. Бу ҳақда пойтахт маъмурияти матбуот хизмати хабар берди.

Ҳокимлик маълумотларига кўра, сўнгги ойларда Тошкентда баъзи қурувчилар томонидан қурилиш меъёрлари ва қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Уларнинг баъзилари мажбурий рухсатнома, экспертиза ва техник хулосаларни олмасдан қурилишни бошлаган, шунингдек, фуқароларга уй-жойларни ноқонуний сотишга уринган.

Бундай ҳаракатлар натижасида баъзи фуқаролар инсофсиз компанияларга ишониб, ўз жамғармаларини йўқотган ва уйсиз қолган. Хабарда айтилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ваколатли тузилмалар билан биргаликда бу масалада «қатъий ва принципиал позицияни» эгаллаган.

Хусусан, шаҳарнинг турли туманларидаги 59 та объектда қурилиш ишлари тўлиқ тўхтатилган, у ерда керакли ҳужжатлар тўлиқ ёки қисман мавжуд эмас. Энг кўп — Янгиҳаёт (17 та), Миробод (8 та) ва Мирзо Улуғбек (7 та) туманларида. Объектлар электр таъминотидан ҳам узилган.

Ишлар қуйидаги жойларда тўхтатилди:

  • Олмазор туманида 5 та объектда,
  • Чилонзорда 5 та,
  • Мирободда 8 та,
  • Мирзо Улуғбекда 7 та,
  • Сергелида 3 та,
  • Учтепада 2 та,
  • Яккасаройда 2 та,
  • Янгиҳаётда 17 та,
  • Яшнободда 3 та,
  • Юнусободда 4 та,
  • Бектемир туманида 3 та.

Ҳокимлик қурилиш майдончаларида назорат ва мониторинг давом этаётганини хабар қилмоқда. Қонунбузарликнинг ҳар бир факти бўйича тегишли чоралар кўриш режалаштирилган, дейилади хабарда.

Фуқароларга мурожаат

Шаҳар маъмурияти пойтахт аҳолисини уй-жой сотиб олишда жуда эҳтиёт бўлишга ва қуйидаги тавсияларга амал қилишга чақирди:

  • сотиб олинаётган кўчмас мулкка оид барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини (кадастр ҳужжатлари, экспертиза хулосалари, кенгаш қарорлари, техник кўрик далолатномалари) талаб қилиш ва уларни синчиклаб текшириш;
  • сотувчиларга нақд пул ёки норасмий усуллар орқали пул бермаслик, шартноманинг барча бандларини диққат билан ўрганиш;
  • агар қурувчининг ёки объектнинг қонунийлигига шубҳа туғилса, ёки компания ҳужжатларни тақдим этишни кечиктирса, объектнинг юридик мақоми ҳақида маълумот олиш учун Тошкент ҳокимлигининг расмий poytaxtuz_bot ботига мурожаат қилиш мумкин.

Ҳокимлик тадбиркорлар ва девелоперларни қурилиш ёки савдо фаолиятини бошлашдан олдин барча керакли ҳужжатларни расмийлаштиришга чақирди.

«Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қурилиш меъёрларини бузадиган ва фуқаролар манфаатларига путур етказадиган ҳар қандай ҳаракатларга қатъий ва муросасиз муносабатда бўлади. Пойтахт аҳолисининг хавфсизлиги, тинчлиги ва қулай ҳамда қонуний уй-жойга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш — ҳокимликнинг устувор вазифасидир», — дейилади хабарда.