Тошкентда янги 24 соат ишлайдиган кўчалар ва Бўзсув канали бўйлаб сайр ҳудудини яратиш режалаштирилмоқда

Тошкентда янги 24 соат ишлайдиган кўчалар яратиш ва Бўзсув каналини ободонлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 23 сентябрь куни халқ депутатлари кенгаши йиғилишида Тошкент шаҳар ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Ҳайдаров маълум қилди.

«Маълумки, Тошкентда жами 26 та кўча 24/7 форматидаги жонли кўчаларга айлантирилиши учун танлаб олинган. Ушбу ташаббуснинг давоми сифатида Сергели туманидаги Янги Сергели кўчасининг 3,5 километрлик қисмини 24 соат ишлайдиган сайёҳлик кўчасига айлантириш лойиҳаси ишлаб чиқилди», — дея хабар берди Ҳайдаров.

Унинг сўзларига кўра, бу лойиҳага республика бюджетидан 8,7 млрд сўм ажратилади.

«Шу билан бир қаторда, Чилонзор туманидаги Қатортол кўчасининг 1 км қисмини туну кун ишлайдиган кўчага айлантириш лойиҳасини амалга ошириш таклиф этилмоқда. Ушбу лойиҳага ҳам республика бюджетидан 10,2 млрд сўм йўналтирилади», — дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, Ҳайдаров Бўзсув каналининг бир қисми аллақачон ободонлаштирилганини эслатди.

«Бироқ, унинг Юнусобод туманидаги бошқа қисми бир-икки йилдан бери якунланмай қолмоқда. Бешинчи, якуний лойиҳа Бўзсув каналининг Юнусобод туманидаги «Минор», «Матонат» ва «Кашғар» маҳаллалари орқали ўтувчи қисмида сайр ҳудудини яратишдан иборат», — дея қайд этди.

Пойтахт ҳокимининг биринчи ўринбосари, шунингдек, пойтахтдаги энг катта ер ости йўлида — «Тошкент» метро бекати ва Шимолий вокзал оралиғидаги ҳудудда савдони жонлантириш режалари ҳақида маълум қилди. У ерда савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини очиш мўлжалланган. 1990-йиллар охирида бу ерда савдо-сотиқ ва хизматлар фаол кўрсатилган, аммо кўп йиллардан бери ўтиш жойи бўш турибди.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги аввалроқ Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган Президент қарори лойиҳасини тақдим этган эди. 2030 йилгача 320 та туну кун ишлайдиган кўча яратиш, 24/7 режимида ишлайдиган ресторан ва кафелар сонини 8000 тагача кўпайтириш, «тунги иқтисодиёт менеджери» лавозимини жорий этиш режалаштирилган.