
2026 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкентда янги саноат зоналарини ташкил этишга муддатсиз мораторий жорий этилади, хизмат кўрсатиш ва молия соҳасидаги лойиҳалар бундан мустасно. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 25 мартдаги 2026–2030 йилларда «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги фармонида сўз боради.
Тошкент шаҳри учун мўлжалланган лойиҳа дастурига кўра, кўмирда ишловчи ижтимоий объектларни иссиқ сув ва электр энергияси орқали иситиш тизимига ўтказиш режалаштирилган.
Саноат корхоналари ва энергетика объектлари зиммасига самарадорлиги 95 фоиздан кам бўлмаган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш, шунингдек, 1 майга қадар чиқиндиларни мониторинг қилиш бўйича датчиклар ва автоматик станцияларни ўрнатиш мажбурияти юкланади. Улардан олинадиган маълумотлар Экология қўмитасининг ягона базасига узатилиши керак.
Алоҳида чора-тадбирлар энг йирик иссиқлик электр станцияларига ҳам тааллуқли бўлади. Тошкент Иссиқлик марказида (ТЭЦ) энергоблокларнинг бир қисмини модернизация қилиш, фильтрлар ўрнатиш ва эскирган қувватларни консервация қилиш кўзда тутилган. Янги Ангрен ИЭСда эса фильтрлаш тизимларини таъмирлаш ва модернизация қилиш режалаштирилган.
Ангрен шаҳри учун замонавий марказий қозонхона қуриш ва эскирган инфратузилмадан воз кечиш орқали янги иссиқлик таъминоти тизимини яратиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Ушбу лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиши мумкин.
Бундан ташқари, атроф-муҳитни ифлослантирувчи корхоналарни Тошкент шаҳри ташқарисига кўчириш имкониятлари ўрганилади. Саноат зоналари атрофида «яшил белбоғ»лар яратиш режалаштирилган.
Шунингдек, ер ости сувлари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, жумладан иссиқхона хўжаликлари учун геотермал иситиш тизимларини жорий этиш масаласи ишлаб чиқилади.