
Тошкентнинг янги халқаро аэропорти Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудида 1310 гектар майдонда қурилади. «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида янги ҳаво дарвозасининг тахминий жойлашуви кўрсатилди. Бўлажак объект Янгийўл шаҳридан тахминан 7 км шарқда жойлашиши режалаштирилган.
Қурилиш ҳудудининг жанубида Янгитош ва Тинчлик аҳоли пунктлари, шунингдек, Янгиҳаёт шаҳарчаси жойлашган – объект қисман «Халқообод» маҳалласини қамраб олади.
Ғарбдан Чирчиқ дарёси оқиб ўтади, шарқдан темир йўл (22 км тўхташ пункти) ўтган, шимолда эса Тошлоқ, Юнучқала ва Оқ-там маҳалла фуқаролар йиғини (МФЙ) жойлашган.
Амалдаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт ва янги объект ўртасидаги масофа 15 км дан ошади.
Журналист Азиза Қурбонованинг хабар беришича, лойиҳа давлат-хусусий шерикчилиги (ДХШ) асосида амалга оширилмоқда. Консорциум таркибига қуйидагилар кирди:
- Vision Invest (Саудия Арабистони) – 45%
- Sojitz Corporation (Япония) – 30%
- Incheon International Airport Corporation (Жанубий Корея) – 15%
- Uzbekistan Airports (Ўзбекистон) – 10%
Лойиҳа 4 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 2,6 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритиш кўзда тутилган бўлиб, шундан: 1,8 миллиард доллари аэровокзал қурилишига, 800 миллион доллари аэродром инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади.
Янги аэропорт йилига 20 миллионгача йўловчи ва 129 минг тонна юкни қабул қилиш, соатига 30 тагача учиш-қўниш амалиётини бажариш ва бир вақтнинг ўзида 62 та самолётга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Duty Free зонасининг майдони 46 минг кв. метр деб баҳоланмоқда – бу дунёнинг йирик аэропортларидагидек: Истанбул – 50 минг кв. м, Лондон Ҳитроу – 48 минг кв. м, Дубай – 40 минг кв. м.
Журналист президент сўзларига таяниб, жой танлашда ҳатто об-ҳаво шароитлари ва туман даражаси ҳам инобатга олинганини – энг кам туманли ва энг барқарор об-ҳавога эга ҳудуд танланганини қайд этди.
Янги аэропортгача Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон ва Тошкент – Бўстонлиқ пуллик автомагистраллари ўтказилади, шунингдек, тезюрар поезд йўлга қўйилади, Тошкент маркази ва Янги Тошкент марказлари ўртасида эса шаттл-транспорт қатнови йўлга қўйилади.
Баҳолашларга кўра, янги аэропорт давлатга 27 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Vision Invest (Саудия Арабистони) ва Air Products (АҚШ) билан ҳамкорликда янги аэропорт учун барқарор авиация ёнилғиси (Sustainable aviation fuel, SAF), яъни «тўлиқ қайта тикланувчи ёнилғи» ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.
2025 йил 15 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент янги халқаро аэропорти қурилишига старт берди. У аэропорт қурилиши Ўзбекистонни «Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғловчи» минтақавий авиация хабига айлантириш учун асос яратишини таъкидлади.