6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Тошкент — Хожикент — Тошкент” йўналиши учун янги юқори тезликдаги электропоездни кўздан кечирди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Тошкент яқинида электрлаштирилган темир йўл қурилиб, поездлар ўтиш қобилияти 30% га оширилган.
Энди “Тошкент — Хожикент” йўналишида Россияда ишлаб чиқарилган янги электропоезд ҳаракатланмоқда. Президент ушбу поездда Хожикентга саёҳат қилди ва унинг техник имкониятлари билан танишди.
ЭП3Д электропоезди 2016 йилдан бери Москва вилоятининг Демиховск машинасозлик заводида ишлаб чиқарилади. У 6 та вагондан иборат бўлиб, 586 та ўриндиқ ва жами 1154 нафар йўловчини ташиш имкониятига эга. Электропоезд соатига 120 км тезликкача ҳаракатланади, бу эса сафар вақтини 2 соат 15 дақиқадан 1 соатдан бироз кўпроқ вақтгача қисқартиришга ёрдам беради.
Президент сафар давомида темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчилар учун шароитларни яхшилаш ва темир йўл бўйлаб ҳудудларни ободонлаштириш бўйича ҳисоботларни эшитди.
Шавкат Мирзиёев Тошкент ва Хожикент ўртасидаги темир йўл яқинидаги ҳудудларни 2025 йилдаги реновация дастурига киритишни ва уларни тартибга келтиришни топширди. Шунингдек, маршрутдаги эгри участкаларни тўғрилаш, экспресс поездлар сонини кўпайтириш ва кўпроқ йўловчига хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президент “Яшил макон” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. У темир йўл бўйларини кўкаламзорлаштириш, сув танқислиги бўлган ҳудудларда халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда сувсизликка чидамли ўсимликларни экиш, маҳаллий иқлимга мос келадиган кўчатларни олиб кириш муҳимлигини таъкидлади.
3 декабрдан бошлаб, “Тошкент — Хожикент — Тошкент” йўналишида янги ЭП3Д юқори тезликдаги электрпоезди қатнай бошлади. Поезд кунига уч марта қатнайди ва олдинги тўртта рейс жадвали ўзгармаган. 6 та вагон замонавий кондиционер, Wi-Fi ҳамда велосипед ташиш жойлари билан жиҳозланган. 2030 йилга келиб шундай поездлар сонини 30 тага етказиш режалаштирилган. Келажакда тўхташ бекатларини кўпайтириш ҳам мумкин.