Тошкент вилоятидаги дорихона омборида 1,6 млн долларлик яроқсиз дорилар аниқланди

Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги дорихоналардан бирининг омборида жуда кўп миқдордаги муддати ўтган ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган дори воситалари аниқланди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.

Омборда умумий қиймати 38 млрд сўмлик (3,15 млн доллар) 1209 номдаги дори воситалари сақланган. Шу билан бирга, қарийб 20 млрд сўмлик (1,66 млн доллар) препаратларнинг халқаро GDP (сақлаш, олиб кириш ва реализация қилиш бўйича) сертификати бўлмаган ҳамда улар Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги сертификатлаштириш органининг лицензиясисиз сақланган.

Бундан ташқари, омбордаги дорилар орасида умумий қиймати 263,9 млн сўмлик, яроқлилик муддати ўтган 30 номдаги 10,5 минг қути препарат аниқланган. Яна 3 номдаги 639 қути дори ва 243 дона гелнинг яроқлилик муддатлари сохталаштирилгани маълум бўлган.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хулосасига кўра, дорихона мансабдор шахслари дори воситаларини лицензияда кўрсатилмаган бинолардан ташқарида сақлаган. Қуйидагилар аниқланган:

  • 10 номдаги дори воситаси бўйича мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаган;
  • 1 номдаги дори ноқонуний ишлаб чиқарилган (контрафакт);
  • 9 номдаги дори давлат рўйхатидан ўтмаган;
  • яроқлилик муддати ўтган 20 номдаги дори воситалари белгиланган тартибда йўқ қилинмаган.

Дорихона мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 3-қисми «а» банди (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сотиб олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, кўп миқдорда) билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.