
Тошкент вилоятидаги болалар боғчаларида оммавий заҳарланишдан сўнг текширилган болалар сони 1900 нафардан ошди. Бу ҳақда 2025 йил 26 сентябрь оқшомида Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик фаровонлик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 25 сентябрь соат 17:00 ҳолатига кўра, вилоят шифохоналарига заҳарланиш шикояти билан 1922 нафар бемор мурожаат қилган. Улардан 930 нафардан ортиғининг ташхиси тасдиқланмаган ва улар уйига рухсат берилган. 26 сентябрь тонги ҳолатига кўра, шифохоналарда 961 нафар бемор қолган, улардан 941 нафарининг аҳволи енгил, 22 нафариники ўртача оғирликда.
Нурмат Отабеков шифохоналарга Бўка, Пскент, Бекобод, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги болалар боғчалари тарбияланувчилари мурожаат қилганини аниқлаштирди. Тиббиёт муассасаларида жой етишмаслиги сабабли беморларнинг бир қисми Олмалиқ ва Нурафшон шаҳарларига ўтказилган. У тарбияланувчилари шифохоналарга мурожаат қилган болалар боғчаларининг аниқ сонини айтмади.
Нурмат Отабеков Бўка, Пскент, Бекобод, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги давлат болалар боғчаларига 3 та аутсорсинг компанияси томонидан озиқ-овқат хизматлари кўрсатилганини маълум қилди.
«Уччала компания ҳам 3,2% ёғли кефир каби ачитиб тайёрланган сут маҳсулотларини Оққўрғон туманидаги компаниядан сотиб олган. У Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида рўйхатдан ўтган, аммо ишлаб чиқариш Оққўрғонда жойлашган», — деди.
Отабеков гап етказиб берувчи Shark Milk Product компанияси ҳақида кетаётганини тасдиқлади, бироқ унинг сўзларига кўра, эпидемиологик текширув ҳали давом этмоқда.
«Таҳлил ҳали ўтказилмоқда. 540 та намуна олинган, ҳозирда текширилмоқда», — дея аниқлик киритди.
«Касалхонада жуда кўп бола бор эди»
2025 йил 25 сентябрь оқшомида Бўка туманидаги 11-сонли болалар боғчасининг беш ёшли тарбияланувчиси онаси «Газета»га юз берган воқеа ҳақида сўзлаб берди.
Унинг сўзларига кўра, 2 кун олдин (23 сентябрь) қизи боғчадан қайтгач, бош оғриғидан шикоят қилган. Ота-оналар бу мавсумий бетоблик бўлиши мумкин деб ўйлаб, уни уйда даволашни бошлашган. Бироқ, боланинг аҳволи ёмонлашган: ҳолсизлик, иштаҳа йўқолиши, қорин ва бош оғриғи пайдо бўлган. Кечаси тана ҳарорати кўтарилиб, ота-оналар туман касалхонасига мурожаат қилишган.
«У ерда худди шундай ва ундан ҳам оғирроқ аҳволдаги жуда кўп бола бор эди. Қизим қайт қилаётганди, у аллақачон сувсизланган эди. Унга томизғи (капельница) қўйишди, ҳозир ҳам даволаниш давом этмоқда, лекин унда ич кетиш, ҳолсизлик, иштаҳасизлик сақланиб қолмоқда. Қизимнинг аввалги қувноқлигидан асар ҳам қолмади», — дея ўз ҳиссиётлари билан ўртоқлашди боланинг онаси.
Пскент туманидаги Саидобод қишлоғи фуқароларидан бири тумандаги бир нечта давлат боғчасида болаларнинг аҳволи ёмонлашганини айтди. Худди шундай ҳолат қўшни Бўка туманида ҳам кузатилган. Болаларда тана ҳарорати кўтарилиши ва заҳарланиш белгилари кузатилган.
«Бизнинг қишлоқда ҳам касалланганлар бор, аммо болаларнинг аҳволи оғир эмас», — деди Саидобод аҳолиси.
Унинг аниқлик киритишича, заҳарланиш ҳолатлари айнан давлат болалар боғчаларида қайд этилган, хусусий боғчаларда муаммолар кузатилмаган. Пскент тумани юқумли касалликлар шифохонаси тўлиб кетганлиги сабабли беморларнинг бир қисми қўшни шаҳар ва туманларга йўналтирилган.
Унинг сўзларига кўра, кўплаб ота-оналар, болаларининг аҳволи яхшиланган бўлса ҳам, мумкин бўлган асоратлардан қўрқиб, уларни шифокорлар назорати остида касалхонада қолдиришни афзал кўрмоқдалар.
Аввалроқ интернетда ота-оналар ва болалар тўпланган тиббиёт муассасаларидан бир нечта видео тарқалган эди. Бир ёзувда тиббиёт ходимаси ҳамкасбларидан ёрдам сўраган, чунки ҳамширалар беморлар оқимига дош бера олмаётган эдилар.
Нима содир бўлган эди?
Пскент ва Бўка туманларидаги боғча тарбияланувчиларининг заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилгани ҳақида 2025 йил 25 сентябрь тонгида маълум бўлди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўша куни кечқурун шифохоналарда 109 нафар бола борлигини хабар қилди: Қуйи Чирчиқ туманида 12 нафар ва Оққўрғон туманида 97 нафар, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланган. Хабарда шифокорлар Пскент ва Бўка туманларидаги болалар боғчаларидаги болаларни қўшимча текшираётгани айтилган.
Болалар Омбудсмани офиси Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси 2025 йил 25 сентябрь куни Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми (санитария қонунчилигини ёки эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) бўйича жиноий иш қўзғатганини маълум қилди. Тергов олиб борилмоқда.
Қонунчилик палатасидаги «Адолат» партияси фракцияси болаларнинг оммавий заҳарланиши факти бўйича Бош прокуратурага депутат сўрови юборди. Партия воқеа сабабларини тергов қилиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш зарурлигини билдирди.