Тошкент вилоятидаги бир нечта изоляторлар ўз фаолиятини тўхтатди

Тошкент вилоятида бир қатор вақтинча сақлаш изоляторлари ёпилди, дея хабар беради Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизмати.

Омбудсманнинг минтақавий вакили ва жамоатчилик гуруҳлари 2025 йил июнь ойида Қуйи Чирчиқ ва Чиноз туманлари ИИБ вақтинча сақлаш изоляторларига мониторинг ташрифларини амалга оширди. Текширувлар чоғида аниқланган камчиликлар юзасидан омбудсман ички ишлар вазирига тақдимнома юборди.

Омбудсманнинг маълум қилишича, ички ишлар вазири 2025 йил 21 июль куни Чиноз, Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларида санитария-гигиена талабларига жавоб бермаган вақтинча сақлаш изоляторлари фаолиятини тўхтатиш бўйича буйруқ берган.

Қуйи Чирчиқ тумани ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш изоляторида вентиляция тизими ва радиоэшиттириш йўлга қўйилган, камералар керакли ускуналар билан жиҳозланган. Ҳужжатда айтилишича, сайр майдончаси ва санитария хоналарида (ҳожатхоналар, ювиниш хоналари) таъмирлаш ишлари олиб борилиб, гигиена талабларига мослаштирилган.