
2025 йил 27 сентябрь куни эрталаб ҳолатига кўра, Тошкент вилояти шифохоналарида 694 нафар бола даволанмоқда. Улардан 421 нафари уйига кетишга рухсат берилади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик фаровонлик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди. Унинг мурожаати Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Унинг такрорлашича, сўнгги кунларда жами 1922 нафар бола текширилган, жумладан, беморлар билан мулоқотда бўлган болалар ҳам (баъзи ОАВ 1900 дан ортиқ касалланганлар ҳақида ёзган). Улардан ярми — 959 нафари клиник симптомлар бўлмагани сабабли уйига қайтарилган. Бир кун олдин 960 дан ортиқ бемор шифокорлар назоратида экани (940 дан ортиғининг ҳолати енгил, 22 нафариники ўртача оғирликда) хабар қилинган эди. Ҳозирга қадар даволанишдан сўнг яна 269 нафар бола уйига жавоб берилган.
Шундай қилиб, айни пайтда вилоят шифохоналарида 694 нафар бола даволанмоқда. Уларнинг 13 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда деб баҳоланмоқда. Шанба куни (бугун) яна 421 нафар болани уйига рухсат бериш режалаштирилган.
«Болаларга малакали маслаҳат ва тиббий ёрдам кўрсатиш учун Тошкент шаҳридаги 17 та ихтисослашган муассаса ва тиббиёт марказларидан 100 дан ортиқ олим, мутахассис, профессорлар жалб қилинган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан даволаш жараёнлари замонавий стандартларга мувофиқ амалга оширилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган тезкор штаб хулосасига кўра, болаларда ўткир гастроэнтерит ташхиси қўйилган. Бу касаллик оғир ёки ҳаёт учун хавфли бўлган тоифага кирмайди ва асоратларсиз ўтмоқда», — деди Нурмат Отабеков.
Унинг аниқлик киритишича, боғча тарбияланувчилари Тошкент вилоятининг 7 та шифохонасида даволанмоқда.
«Динамикада ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда, болалар тез тузалиб бормоқда. Яқин кунларда барча болалар соғайиб, уйларига қайтишлари керак. Вазирлик ҳузурида махсус штаб тузилган бўлиб, у ҳар уч соатда видеоконференцалоқа орқали Тошкент вилояти шаҳар ва туманларида даволаш-профилактика чора-тадбирларининг боришини муҳокама қилмоқда», — деди қўмита раисининг биринчи ўринбосари.
Унинг қўшимча қилишича, қўмита жойларда эпидемиологик текширувларни ва намуналарнинг лаборатория тадқиқотларини давом эттирмоқда. Бир кун олдин боғчаларда 540 та озиқ-овқат намунаси олингани ҳақида маълумот берилган эди.
Нурмат Отабеков шифохоналарда дори-дармон захираси етарли даражада яратилганини таъкидлади. Текширув натижалари бўйича айбдорларга нисбатан чоралар кўрилади. «Барча болаларнинг саломатлиги давлат назоратида, вазият барқарорлашмоқда», — дея ишонтирди.