
Тошкент вилоятининг барча туманларини пойтахт билан тезюрар электропоездлар орқали боғлаш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 11 сентябрь куни вилоятни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда шундай топшириқ берди. Унда вилоят раҳбарларидан ташқари, Тошкент шаҳар ва унинг туманлари ҳокимлари ҳам иштирок этди.
Электропоездлар қатновини йўлга қўйиш «янги уй-жой, инфратузилма ва хизматларга бўлган талабни оширишга имкон беради, аҳоли эса ҳар куни Тошкентга ишга қатнай олади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш мақсадида Тошкент вилоятида ислоҳотлар штаби тузилгани хабар қилинган. Йиғилишда штаб тайёрлаган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Жами 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди. Уларни амалга ошириш орқали 11 мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлаш ва 434 миллион долларлик экспорт салоҳиятини яратиш имконияти мавжуд, дейилади хабарда.
«Тошкент вилояти саноатда ҳам, қишлоқ хўжалигида ҳам энг катта салоҳиятга эга. Энг муҳими, у мамлакатда товар ва хизматларни истеъмол қилиш бўйича энг йирик бозор бўлган пойтахтни ўраб туради. Бу катта имконият. Ундан тўлиқ фойдаланиб, инвестиция, экспорт ва иш ўринлари яратиш бўйича кўрсаткичларни бир неча баравар ошириш мумкин», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Тошкент вилояти 16 та тумандан иборат бўлиб, маъмурий маркази — Нурафшон шаҳридир.
Тошкентдан Бекобод, Хожикент ва Гулистон (Сирдарё вилояти) йўналишида поездлар қатнайди, улар пойтахт вилоятининг шаҳар ва аҳоли пунктларида тўхтаб ўтади.
Тарих
2024 йил декабрь ойида Тошкентдан Хожикентга Россияда ишлаб чиқарилган, 1000 дан ортиқ йўловчига мўлжалланган янги ЭП3Д тезюрар электропоезди қатнови йўлга қўйилган эди. 2030 йилга келиб бундай поездлар сонини 30 тага етказиш режалаштирилгани хабар қилинганди.
3 йил олдин президент Тошкентдан Хожикент, Бекобод ва Ангренга замонавий тезюрар электропоездлар қатновини йўлга қўйиш вазифасини қўйган эди. Ўшанда Тошкент вилоятидан пойтахтга ҳар куни 1 миллиондан ортиқ йўловчи кириб келиши хабар қилинганди.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов шаҳар атрофига қатновчи электропоездлар парки эскиргани ва йўловчилар оқимининг уддасидан чиқа олмаётганини таъкидлаганди.
Бундан ҳам олдинроқ — 2021 йилда Шавкат Мирзиёев Чирчиққа ташриф буюрганида, шаҳарнинг Тошкент билан алоқасини яхшилаш учун электропоезд ёки метро линияси ишга туширилиши мумкинлигини айтган эди. «Чирчиқни инновацион, инвестициялар учун жозибадор шаҳарга айлантириш мумкин», — деди у.
2020 йилда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов яқин келажакда Тошкент ва Нурафшонни метро линияси боғлашини маълум қилган эди.