Тошкентдаги вагонсозлик заводи россиялик компанияга ишончли бошқарувга топширилди

«Ўзбекистон темир йўллари»нинг шўба корхонаси бўлган Тошкент йўловчи вагонлари қуриш ва таъмирлаш заводи ишончли бошқарувга топширилди. Бу ҳақида 2025 йил 28 мартда бўлиб ўтган акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши баёнидан маълум бўлди. Бу ҳужжатга «КорпИнфо» Telegram-канали эътибор қаратди.

Ҳужжатга кўра, аввал «Ўзбекистон темир йўллари»га тегишли бўлган заводнинг устав капиталидаги 90% улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган ва кейинчалик 2025 йил 21 январда тузилган шартнома доирасида Transport Engineering Center компаниясига ишончли бошқарувга берилган.

Заводнинг аввалги кузатув кенгаши ваколати муддатидан аввал бекор қилинган. Янги таркиб тўққиз кишидан иборат бўлиб, улар орасида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва «Ўзбекистон темир йўллари» бош муҳандиси Шарофиддин Қодиров бор. Қолган етти аъзо Transport Engineering Center вакиллари бўлиб, уларнинг беш нафари Россия фуқароларидир.

Улар орасида Россиянинг подвижной состав ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Трансмашхолдинг» (ТМХ) компанияси таркибига кирувчи корхоналарнинг топ-менежерлари бор. Масалан, Александр Чебаков ТМХнинг бошқарув таркибида, Александр Лошманов — «ТМХ — Йўловчи транспорт» раҳбари, Егор Гуляев — «ТМХ Инвестиция» раҳбари, Кирилл Лачугин — холдингга кирувчи «Интеграциялашган вагонсозлик компанияси» вакили.

Аффилирланган шахслар рўйхатидан «Ўзбекистон темир йўллари» ва аввалги кузатув кенгаши аъзолари чиқарилган. Унга янги аъзолар ва Transport Engineering Center 20% ва ундан ортиқ улуш эгаси сифатида киритилган.

Transport Engineering Center компанияси 2024 йил январда Тошкентда рўйхатдан ўтган. Асосий фаолият тури — «бошқа тоифаларга кирмайдиган таълимнинг бошқа турлари».

Бундан аввал корхонанинг ягона таъсисчиси «Метровагонмаш-Сервис» компаниясининг кадрлар ва ижтимоий масалалар бўйича собиқ директори Сергей Леонидович Карпов эди. Бу компания Москва метрополитени ҳаракат составига хизмат кўрсатиш билан шуғулланади ва «Трансмашхолдинг» таркибига киради.

Ҳозирда Transport Engineering Center таъсисчилари сифатида VTR Holdings Limited (87%) ва Москвада 10 минг рубль устав капитали билан рўйхатдан ўтган «Вектор Технологических Решений» (13%) кўрсатилган.

Қозоғистон ОАВ ёзишича, айнан шу ташкилот VTR Holdings Limited’ни назорат қилади. Бу компаниянинг «Қамқор Локомотив» корхонаси Қозоғистоннинг Оқмола вилоятида локомотив ишлаб чиқариш заводини қурмоқда ва мамлакат темир йўллари тармоғида жойлашган 13 та локомотив таъмирлаш корхонаси билан намоён бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 19 март куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги йўловчи вагонлари қуриш ва таъмирлаш заводига ташриф буюриб, янги моделдаги йўловчи вагонлари лойиҳалари, электр поездлари ва метро вагонлари ишлаб чиқариш режалари билан танишган эди. Ўшанда у дизайнни ўзгартириш ва йўловчилар учун қулайликни ошириш вазифасини қўйган. «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбари уларнинг нархи импорт қилинганлардан анча арзон бўлишини айтган.

2025 йил март ойида завод янги купе ва плацкарт вагонларини — «Янги Ўзбекистон» моделини ишлаб чиқарди. Шунингдек, янги дизель поезди ҳам ишлаб чиқарилган бўлиб, у аллақачон Тошкент — Бухоро — Тошкент йўналишида қатнамоқда.

Завод 2024 йилнинг 9 ойи якунларига кўра 882,9 миллион сўм фойда кўрсатган, бу 2023 йилнинг мос давридаги (3,57 миллиард сўм) кўрсаткичдан тўрт баравар кам. 2023 йил якунида эса йиллик фойда 9,12 миллиард сўмни ташкил этган.