
Навоийда қалбаки чет эл валютасини сотишда гумон қилинган шахслар қўлга олинди, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
Дастлабки маълумотларга кўра, купюралар Туркиядан Қирғизистон орқали олиб кирилган.
Наманганлик 42 ёшли фуқаро Тошкентда яшовчи ва муқаддам бир неча бор судланган 54 ёшли Жиззах вилоятида туғилган шахс билан тил бириктириб, харидорга 19,9 минг қалбаки долларни (100 долларлик купюраларда) 14 минг долларга сотган. Улар битим амалга оширилаётган вақтда қўлга олинган.
Гумонланувучиларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а» банди (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш, жуда кўп миқдорда) билан жиноят иши қўзғатилди. Улар қамоққа олинган.
Бошқа бир ҳолатда, Наманган вилояти Чуст туманида яшовчи 29 ёшли шахс Тошкентда бир фуқаронинг ишончига кириб, 10 минг қалбаки долларни (100 долларлик купюраларда), 10 млн сўмлик қалбаки пулларни (100 минг сўмлик купюраларда) ва 5 млн сўмлик қалбаки пулларни (50 минг сўмлик купюраларда) жами 5000 долларга сотишини айтган.
У ҳам пулларни ўтказишга уринган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Жиноят иши қўзғатилган.