
Ўзбекистонда «Овжазсой — Синегорье», «Пскем», «Фарғона» миллий табиат боғлари ташкил этилади ва «Поп» боғи ҳудуди кенгайтирилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 25 мартдаги қарорида кўзда тутилган.
Ушбу объектлар ҳудудида капитал қурилиш ишлари, автотранспорт воситаларининг кириши (махсус ва ёнғинга қарши транспортдан ташқари), шунингдек, ов қилиш тақиқланади.
Зарур туристик инфратузилма ва туристик хизматлар «Овжазсой — Синегорье» ҳамда «Пскем» миллий табиат боғлари ҳудудларидан ташқарида ташкил этилади. Ташриф буюрувчилар ноёб табиат, фауна ва флора билан танишиш учун пиёда сайр (хайкинг) қилишлари мумкин бўлади.
Ҳужжатда, шунингдек, табиат ёдгорликлари — Ёзёвон ва Мингбулоқ оқ қумларини сақлаб қолиш ҳам назарда тутилган.
Флора ва фаунани муҳофаза қилиш
Янги табиат боғларининг ташкил этилиши ноёб ҳайвон ва ўсимлик турларини ҳимоя қилишга ёрдам бериши кутилмоқда.
Тошкент вилоятида (Пскем ва Қурама тоғ тизмалари) қуйидагилар муҳофаза қилинади:
- глобал миқёсда йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган 27 турдаги ноёб умуртқали ҳайвонлар;
- 7 турдаги эндемик ўсимликлар;
- Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 40 турдаги ўсимликлар.
Фарғона водийсида Ўзбекистон Қизил китобига ва Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган турлар муҳофазага олинади:
- 6 турдаги судралувчилар;
- 3 турдаги сут эмизувчилар;
- 13 турдаги қушлар;
- 2 турдаги янги шимолий осиё калтакесаклари;
- илгари номаълум бўлган Сверцов қўйи популяцияси.
Боғлар ҳудуди
«Овжазсой — Синегорье» миллий табиат боғи Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Оҳангарон давлат ўрмон хўжалигининг «Овжазсой» участкасида 9200 гектар майдонда давлат муассасаси шаклида ташкил этилади.
«Пскем» миллий табиат боғи Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигининг 156,7 минг гектар майдонида давлат муассасаси шаклида ташкил этилади.
«Фарғона» миллий табиат боғи Фарғона вилоятининг Ўзбекистон ва Сўх туманларидаги 13,9 минг гектар давлат захира ерлари ҳамда Фарғона ва Қўқон давлат ўрмон хўжаликларининг 8900 гектар майдони ҳисобидан умумий майдони 22,9 минг гектар бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида ташкил этилади.
«Поп» миллий табиат боғи ҳудуди Наманган вилоятининг Мингбулоқ ва Поп қирларидаги 33,6 минг гектар давлат захира ерлари ҳамда Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг 91,2 минг гектар майдони ҳисобидан 125,3 минг гектарга кенгайтирилади.
Боғлар учун масъуллар
«Овжазсой — Синегорье», «Пскем», «Фарғона» ва «Поп» миллий табиат боғларининг муассиси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти ҳисобланади.
Молиялаштириш манбалари сифатида Тошкент, Фарғона ва Наманган вилоятлари маҳаллий бюджети маблағлари, шунингдек, Экология қўмитаси ҳузуридаги умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича давлат мақсадли жамғармаси маблағлари белгиланган.
Тошкент, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳокимлари зиммасига қарор ижросини самарали ташкил этиш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилди.
2026 йил март ойида Ўзбекистон президентига «Яшил макон» дастури доирасида 12 та ботаника боғи ва 16 та дендропарк ташкил этиш лойиҳаси тақдимот қилинган эди. Тошкентда 108 гектар майдонда Миллий дендрология боғини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, у ерда 50 минг туп дарахт ва 100 минг туп бута экилади.