Тошкентда Учтепа тумани ҳокимлиги ходими 3000 доллар олаётганда қўлга олинди

Тошкент шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари Учтепа тумани ҳокимлигининг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш бўлими бош мутахассисини қўлга олди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.

Тезкор тадбир мансабдор шахс тадбиркордан 3000 доллар олаётган вақтда ўтказилган.

Тергов маълумотларига кўра, ҳокимлик мутахассиси тадбиркорга жорий йилда Учтепа тумани ҳудудида бузилиши лозим бўлган савдо объектлари ва бошқа манзиллар рўйхати шакллантирилаётганини маълум қилган.

Хабарда айтилишича, амалдор ҳокимликдаги юқори лавозимли шахслар билан бўлган алоқалари орқали тадбиркорга тегишли дўконни ушбу рўйхатга киритмаслик эвазига пул талаб қилган.

Қўлга олинган шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (Хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик қилиш) ҳамда 28, 211-моддаси 1-қисми (Пора беришда иштирокчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.