
Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган биноси онлайн-аукционда 187 млрд сўмга сотилди, бу ҳақда E-auksion сайти маълумотлари далолат бермоқда.
Аукцион 1 соат-у 17 дақиқа давом этди. Ғолиб сифатида бошланғич баҳоси 110 млрд сўм бўлган лот учун ундан 70 фоиз кўпроқ маблағ таклиф қилган «Samarador» МЧЖ топилди.
Бундай номли компания 2017 йилда Қорақалпоғистонда рўйхатдан ўтган. Ундаги 100 фоиз улуш тадбиркор Бахтиёр Маҳкамовга тегишли. У шунингдек Euroroads, Vision soft, Cyber soft space, Nomadiary, Angelvest, Euro-road каби компанияларда ҳам иштирок этади.
Транспорт вазирлиги бошқа идоралар қатори вақти келиб Янги Тошкентга кўчиб ўтади, бундай режалар ҳақида 2025 йил июнь ойида хабар берилган эди. Ўтган йилнинг ёзида президент Шавкат Мирзиёев барча ижроия ҳокимияти органлари босқичма-босқич Янги Тошкентга кўчирилишини маълум қилганди.

