
Тошкент шаҳрининг транспорт тизими самарасизлиги туфайли йиллик йўқотишлари 343 млн АҚШ долларини ташкил этмоқда, бу ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 1,27 фоизига тенг. Бу ҳақда 2026 йил 12 март куни пойтахт Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТТМ) томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Бу соҳада шу пайтгача шуғулланиб келган ўнлаб турли идоралар ўрнида ягона сиёсат юритиш учун ташкил этилган янги тузилма.
Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев шаҳар жадал суръатлар билан ривожланаётганини, транспорт тармоғига юклама эса доимий равишда ошиб бораётганини қайд этди.
«Ҳозирги шароит йўл ҳаракатини тизимли маълумотлар ва таҳлилларга асосланган ҳолда бошқаришга ўтишни талаб қилмоқда», — деди.
Ҳисобланган 400 минг ўрнига суткасига 770 минг автомобиль
Шаҳарда рўйхатдан ўтган аҳоли сони 3,2 миллион киши бўлса-да, ҳар куни кириб-чиқувчи фуқаролар (1,5 миллион) ва вақтинча яшовчиларни (500 минг) ҳисобга олганда, амалда шаҳарда 5–5,2 миллион киши истиқомат қилади, деди ЙҲТТМ Жамоат транспорти устуворлигини таъминлаш бўлими бошлиғи Оллоёр Норбутаев. Йиллик ўсиш 110 минг кишини ташкил этмоқда.
Мобил аҳоли (ҳар куни ҳаракатланувчилар) 3,4 миллион кишига баҳоланмоқда — шундан 1,1 миллиони таълим муассасаларига қатнайди, 700 минг нафари давлат ташкилотларида ишлайди. Умумий ҳисобда бу одамлар бир суткада 11,2 миллион марта ҳаракатланади, шундан 7,6 миллиони транспортда ва 3,6 миллиони пиёда ҳаракатланади. Микромобиллик воситалари (велосипед, самокат) ҳиссасига атиги 5 фоиз ёки суткасига 0,4 миллион ҳаракат тўғри келади.
Пойтахтдаги транспорт воситалари сони 1,3 миллионтани ташкил этиб, йилига 80 мингтага кўпаймоқда. 833 минг бирлик транспорт шаҳарда рўйхатдан ўтган бўлса, 500 мингтаси ҳар куни кириб келади.
Тошкентнинг кўча-йўл тармоғи 4884 км ни ташкил этади, шундан 4523 км ички кўчалар, 289 км марказий кўчалар ва 72 км халқаро аҳамиятдаги йўллар. Ушбу кўча ва йўллар суткасига тахминан 400 минг автомобиль ҳаракатланиши учун мўлжалланган, бироқ амалда бу кўрсаткич қарийб икки баравар кўп — 770 мингта. ЙҲТТМ олдига қўйилган вазифалардан бири 2030 йилгача тирбандлик даражасини 30 фоизга камайтириш.
Асосий транспорт артериялари ҳисобланган 472 км кўча ва йўллар таҳлили уларнинг бир қисмида юклама критик даражада эканини кўрсатди. «57,4 км йўл 8–10 балли юклама билан ишламоқда. Бу ушбу локацияларда бевосита тирбандликлар ҳосил бўлишига олиб келади», — деди Оллоёр Норбутаев. 411 км кўча ва йўллар 10 йилдан аввал қурилган бўлиб, уларнинг 87 фоизи эскирган.
Ривожланмаган жамоат транспорти
Сўнгги йиллардаги ижобий ўзгаришларга (янги автобуслар ва метро поездлари сотиб олинганига) қарамай, қатновлар ҳажмида жамоат транспортининг улуши ҳамон жуда пастлигича қолмоқда. «Ўртача ҳисобда қатновларнинг атиги 30–35 фоизи жамоат транспорти ҳиссасига тўғри келади (2,6 миллион қатнов). Қолган катта қисми енгил автомобиллар ҳиссасига (4,6 миллион) тўғри келмоқда. Бунинг ўзи Тошкентда тирбандликлар кўпайишига сабаб бўлмоқда», — дея таъкидлади Оллоёр Норбутаев.
Жамоат транспорти тизими ривожланган дунё шаҳарларида ундан фойдаланиш кўрсаткичи 60–65 фоизга етади. Ўзбекистон Президентининг 4 декабрдаги ЙҲТТМни ташкил этиш тўғрисидаги қарори билан 2030 йилгача жамоат транспорти билан қамровни 60 фоизга етказиш мақсад қилиб қўйилган. Бунда автобусларнинг 50 фоизи электр қувватида ишлаши керак.
Жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси пастлигининг сабабларидан бири ҳаракатланувчи таркиб тақчиллигидир. Мутахассиснинг тушунтиришича, методологияга кўра, ҳар 1000 кишига ўртача битта автобус тўғри келиши керак.
«Бизда эса [ҳар 1000 кишига] 0,6 та автобус тўғри келади», — деди ЙҲТТМ бўлим бошлиғи. Ҳозирда шаҳарда 1897 та автобус бор, бу рақамни 3161 тага етказиш режалаштирилган. Кунига 1,5 миллион йўловчи ташилади, мақсад — 3,4 миллион.
Метрополитен шаҳарнинг фақат бир қисмини қамраб олган ва маълумотларга кўра, шаҳар аҳолисининг атиги 16 фоизи учун қулай. У кунига 1 миллион йўловчи ташийди. Бу аввалги йилларга нисбатан кўп, аммо оқимни 2 миллионга ошириш вазифаси турибди.
Шаҳарда жамоат транспорти тармоғини (жумладан, бекатлар тармоғини) қайта кўриб чиқиш ва унинг устуворлигини таъминлаши зарур (кўп жойларда ажратилган йўлаклар нотўғри ташкил этилган, шахсий автомобиль ҳайдовчилари томонидан қоидабузарликлар устидан назорат йўқ).
Транспорт ва хавфсизлик билан боғлиқ бошқа муаммолар
ЙҲТТМ бошқа муаммолар қаторида қуйидагиларни санаб ўтди:
- йўл ҳаракати хавфсизлигининг етарли эмаслиги — ўтган йили 1225 та ЙТҲ қайд этилиб, уларда 90 киши ҳалок бўлган, уларнинг ярмидан кўпи (48 киши) пиёдалардир;
- транспорт тенгсизлигининг ортиши — шахсий автомобили бўлмаган фуқаролар ҳаракатланишининг чеклангани, жамоат транспорти, йўлаклар ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларидан тўлақонли фойдаланиш имконияти йўқлиги;
- PM2,5 заррачалари чиқиндилари кўринишидаги экологик оқибатлар — йилига 3000 тонна.
Мутахассислар, шунингдек, пойтахт кўчаларининг одамлар ҳаракатланиши хавфсизлиги ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатадиган асосий муҳандислик ва инфратузилмавий камчиликларини белгилаб беришди:
- чорраҳаларнинг нокомпакт ўлчамлари ва светофор фазаларининг асоссиз равишда узунлиги;
- автомобиллар қайрилиб олиши учун мўлжалланган зоналарнинг хавфли ташкил этилгани;
- йўл чизиқларининг кўриниши ёмонлиги ёки йўқлиги, бу эса ҳаракат иштирокчиларига йўлаклар кенглиги ва пиёдалар ўтиш жойлари қаердалигини тушунарсиз қилиб қўяди;
- кўп йўлакли кўчаларда пиёдалар учун хавфсизлик оролчаларининг йўқлиги;
- чорраҳаларда қатнов қисмининг ҳаддан ташқари кенглиги (бурилиш радиусларининг катталиги), бу ҳайдовчиларга хавфли тезликда бурилишларни амалга ошириш имконини беради.
Транспорт соҳасидаги муаммоларни тизимли ҳал этиш ва ҳаракат хавфсизлигини ошириш учун ЙҲТТМ қисқа муддатли, ўрта муддатли (2027 йилгача) ва узоқ муддатли (2028–2030) мақсадларни ишлаб чиқди. Улар авариялар сонининг камайишига, тирбандлик ва зарарли чиқиндиларнинг қисқаришига, шунингдек, Тошкент аҳолиси ҳаракатланиши самарадорлигини оширишга олиб келиши керак.