
Тошкент–Самарқанд пуллик автомобиль йўли Тошкент халқа йўлининг Сергели тумани қисмидан бошланади ва амалдаги трассага параллел равишда ўтади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси «Автойўлинвест» агентлиги директори ўринбосари Аслиддин Исаев «O‘zbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ушбу йўналишда транспорт оқими жуда юқори — кунига 55–60 мингта автомобилни ташкил этмоқда.
«Тошкент–Самарқанд пуллик автомобиль йўли энг йирик стратегик лойиҳалардан бири. У қуриб битказилгач, икки шаҳар ўртасидаги йўл босиш вақти 2–2,5 соатгача қисқаради», — деди Исаев.
У салоҳиятли инвесторлар билан музокаралар якунлангани ва ҳозирда молиялаштиришнинг шартномаолди шартлари муҳокама қилинаётганини таъкидлади.
«Яқин вақт ичида амалий қурилиш ишларини бошлаш режалаштирилган. Лойиҳага Хитойнинг йирик инвестиция компаниялари, жумладан, жаҳоннинг топ-100 талигига кирувчи компаниялар қизиқиш билдирмоқда», — деди.
Янги трассада интеллектуал транспорт тизимларини жорий этиш кўзда тутилган. Йўлда 12 та кириш ва чиқиш терминали бўлади. Йўл тўлиқ рақамлаштирилади ва туну кун ишловчи интеллектуал тизимлар билан жиҳозланади.
Трассага кириш имконияти ҳақидаги саволга жавобан, мутахассис терминаллар ҳайдовчиларга йўл давомида трассага кириш ва ундан чиқиш имконини беришини тасдиқлади. Йўл Тошкентнинг Сергели туманидаги катта халқа йўлидан бошланиб, Самарқанд вилоятида тугайди.
Пуллик йўлдан фойдаланиш тарифи ҳозирча белгиланмаган. У инвесторлар билан музокаралар якунида аниқланади ва энг муҳими, аҳолининг молиявий имкониятлари инобатга олинади.
Шунингдек, қурилиш тўлиқ якунланишини 5 йил кутмасдан, йўлни босқичма-босқич ишга тушириш имконияти кўриб чиқилмоқда. Тадқиқотлар Тошкент–Сирдарё участкасида транспорт оқими энг юқори эканини кўрсатган, шу сабабли йўлнинг ушбу қисмини олдинроқ очиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Лойиҳа параметрлари
Келишилган техник-иқтисодий асосларга кўра, йўл қурилиши қиймати 2,25 млрд долларга баҳоланмоқда. Лойиҳа доирасида 12 та транспорт боғламаси, 60 та туннель типидаги ўтиш жойи, 91 та кўприк, 16 та йўл ўтказгич ва 258 та сув ўтказиш қувурлари қурилади.
Йўлнинг айрим участкаларида пойдеворни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилади: 140 км масофада тупроқ мустаҳкамланади, 7,2 кмда тош-шағалли устунлар ўрнатилади, 132,8 кмда эса кучсиз тупроқ қум-шағал аралашмасига алмаштирилади.
Йўлнинг техник тавсифлари:
- янги қурилиш — 100 фоиз;
- узунлиги — 282 км;
- тоифаси — автомагистраль (I-а);
- бўлаклар сони — 6 та;
- қурилиш муддати — 5 йил;
- қопламаси — цементобетон;
- ҳисобий тезлик — 150 км/соат;
- кутилаётган ҳаракат жадаллиги — суткасига 50 мингтагача автомобиль;
- тўлов пунктлари — 12 та;
- йўл бўйидаги сервис зоналари — 6 та (икки томонда);
- рухсат этилган ўқ юкламаси — 13 тонна;
- бўлак кенглиги — 3,75 метр;
- вазн назорати тизими — WIM (динамик тортиш).
2026 йил март ойи бошида Ўзбекистон Президенти ДХШ асосида пуллик йўллар тармоғини яратиш лойиҳалари билан танишган эди. 2026 йилда Урганч–Хива йўналишидаги илк пуллик йўлни ишга тушириш, шунингдек, Тошкентдан Самарқанд, Андижон ва Чорвоқ йўналишларига олиб борувчи яна учта магистрал қурилишининг асосий босқичини бошлаш режалаштирилган.