Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 19/03/2026

Тошкентнинг Паркент кўчасида ҳаракатни ташкил этишда қандай ўзгаришлар режалаштирилмоқда

Тошкентдаги Паркент бозори қаршисидаги 16 тасмали йўл участкасида қайрилиб олиш жойи қурилиши бошланди.

Паркент — Мирзо Улуғбек чорраҳаси

Марказ маълумотларига кўра, қайрилиб олиш жойи Паркент ва Мирзо Улуғбек кўчалари чорраҳасини қайта ташкил этиш билан бир вақтда яратилмоқда. Чорраҳада шаҳар марказидан Паркент кўчаси бўйлаб «Буюк ипак йўли» метро бекати йўналишида ҳаракатланаётган автомобиллар оқими учун чапга бурилишни ёпиш режалаштирилган. Тирбандлик вақтида у транспорт оқимини ўтказишга улгурмаяпти. Шунингдек, Мирзо Улуғбек кўчаси бўйлаб Боткин қабристонидан «Пушкин» метро бекати йўналишида ҳаракатланишда ҳам чапга бурилишни ёпиш кўзда тутилган.

Ҳозирда чорраҳа нотўғри геометрияга ва баъзи жойларда трамвай ҳаракати тугатилгандан кейин ҳосил бўлган ортиқча кенгликка (14-15 тасмагача) эга. Бурилиш радиуслари ҳайдовчиларга хавфли тезликда ҳаракатланиш имконини беради. Бу ерда бир неча бор пиёдаларни уриб юбориш ҳолатлари юз берган.

ЙҲТМ томонидан тақдим этилган лойиҳага кўра, учбурчак шаклли оролчалар ташкил этиш ва светофорсиз бурилиш учун алоҳида тасмалар ажратиш ҳисобига барча ўнгга бурилишларни доимий рухсат этилган қилиш режалаштирилган. Тўғрига олиб борувчи тасмалар сони учта-тўрттагача қисқаради. Светофор фазалари қайта созланади.

Паркент кўчасидаги қайрилиб олиш жойи

Бозор қаршисидаги янги қайрилиб олиш жойида кенг оролча пайдо бўлади, у ерда пиёдалар хавфсиз тарзда светофорнинг яшил чироғини кутишлари мумкин бўлади. Илгари бу ерда хавфсизлик оролчаси бўлмаган, одамлар бордюр кенглигидаги жойда кутишга мажбур эди. Ҳар бир йўналиш учун қатнов қисмининг торайтирилиши ҳисобига ўтиш йўлларининг ўзи ҳам қисқаради.

Тўғрига ҳаракатланиш учун учтадан тасма қолади. Бундан ташқари, кўчанинг четларида автобуслар учун алоҳида йўлаклар, шунингдек, тўхтаб туриш жойлари (кармашлар) яратилади.

Паркент — КҲАЙ йўл ўтказгичи

Реконструкция ишлари Паркент кўчаси ва Кичик ҳалқа автомобил йўли кесишмасидаги йўл ўтказгични ҳам кутмоқда. Бу ерда тўртта томондан ҳам кириш ва чиқиш йўлларини ташкил этиш, чапга бурилиш ва қайрилиб олишни тақиқлаш (эски ТашМИ яқинидаги каби) режалаштирилган.

Паркент — Муҳаммад Юсуф чорраҳаси

Улкан асфальт майдонини эслатувчи ушбу чорраҳа ҳам келажакда реконструкция қилинади. Ҳозирда ЙҲТМ пиёдалар ва бошқа ҳаракат иштирокчилари учун жойни қулайроқ ва хавфсизроқ қилишга қаратилган лойиҳани ишлаб чиқмоқда.

«ТАПОиЧ» йўл ўтказгичи

Собиқ ТАПОиЧ заводи яқинидаги уч даражали йўл ўтказгичда ҳам ҳаракатни ташкил этишда ўзгаришлар кутилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, оқимларни тартибга солиш учун бу ерда светофорлар ўрнатилади. Йўл ўтказгич 2016 йилда очилган пайтданоқ айлана бўйлаб ҳаракатланиш учун ноқулай ва жуда хавфли бўлиб чиққан эди. Бундан ташқари, кўплаб ҳайдовчилар адашиб, керакли жойга бориш учун ортиқча километр босиб ўтишга мажбур бўлмоқдалар.