
Тошкент метрополитенида «Турон китоб бекати» мини-кутубхоналари тармоғи ташкил этилди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
Маҳаллий ва хорижий муаллифлар асарлари қўйилган китоб жавонлари метронинг «Туркистон», «Буюк ипак йўли», «Беруний», «Чилонзор», «Минг ўрик», «Тошкент», «Дўстлик» бекатларида пайдо бўлди. Шунингдек, жавонлар «Алишера Навоий» ва «Пахтакор» бекатлари оралиғидаги ўтиш жойларига ҳам ўрнатилди.
«Лойиҳадан мақсад — метрополитенда миллионлаб йўловчиларнинг кундалик сафарларини мазмунли ва фойдали қилиш, шунингдек, бекатлар ва метро линияларида билимга интилиш, маърифат ва мутолаа маданиятини оммалаштиришдан иборат. Китоб ўқиш жойи шахсий ривожланишга доир адабиётлар, шеърий тўпламлар ва замонавий қўлланмалар билан тўлдирилди. Одамлар бекатдан бекатгача бўлган сафар давомида китобларни ўқишлари ва „Мутолаа“ лойиҳаси доирасида уларга буюртма беришлари мумкин», — дея қайд этди Транспорт вазирлиги.
«Мутолаа» сўзининг иккита маъноси бор: биринчиси — китоб, иккинчиси — китоб билан мулоқот орқали билим олиш жараёни. Бу номдаги илова 2024 йил апрель ойида ишга туширилган бўлиб, унга 1000 дан ортиқ электрон китоб ва 500 дан зиёд аудио талқинлар киритилган.
Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид метрополитендаги янги лойиҳа ёшларнинг китобларга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Вазирлик маълумотларига кўра, келажакда кутубхоналарни метрополитеннинг бошқа ер ости ва ер усти линиялари бекатларига ҳам ўрнатиш режалаштирилган.

