
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Тошкент метрополитенини ривожлантириш бўйича режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот тақдим этилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тадбирда метро линиясини «Тошкент трактор заводи» массивигача узайтириш режалари муҳокама қилинди. Эслатиб ўтамиз, 2025 йил март ойида биринчи марта «Пушкин» бекатидан ТТЗгача Тошкент метрополитени линиясини ўтказиш режалари эълон қилинган эди. Кейинроқ Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов янги линиянинг ер усти қисми «Пушкин» бекатидан Акушерлик ва гинекология илмий-тадқиқот институтигача темир йўл излари бўйлаб ўтиши, сўнгра ер остига тушишини маълум қилган эди.
Хабарда қайд этилишича, аввалги муҳокамаларда президент лойиҳани харажатлар ва қулайлик нуқтаи назаридан оптималлаштиришни топширган.
Тайёрланган таклифга кўра, лойиҳа 2 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда Чилонзор линиясининг «Пушкин» бекатидан Мирзо Улуғбек туманидаги Феруза массивигача мавжуд темир йўл излари бўйлаб ер усти линияси қурилади. Иккинчи босқичда у ТТЗ массивидаги автовокзалгача узайтирилади.
Ҳозирда бу йўналишдан шаҳар марказига ҳар куни жами 194 минг йўловчини ташиган ҳолда 47 мингга яқин автомобиль кириб келади. Янги метро линияси кунига 85 минг йўловчига хизмат кўрсатиши кутилмоқда, дейилади хабарда.
Тақдимот давомида лойиҳанинг техник ва амалий жиҳатлари батафсил кўриб чиқилди.