
Тошкентнинг 5 та кўчасида автомобиллар учун тезлик режимини ўзгартириш режалаштирилган. Бу ҳақда 2025 йил 12 август куни халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари Элмурод Алимов маълум қилди.
«Биз Бунёдкор, Себзор, Аҳмад Дониш, шунингдек, Тошкент автомобиль ҳалқа йўли ва Янги Ўзбекистон кўчаларида транспорт воситалари учун максимал рухсат этилган тезликни 80 км/соатгача ўзгартиришни таклиф қиламиз», — деди.
Шаҳарларда рухсат этилган ҳаракатланиш тезлиги 2023 йил апрель ойида 70 дан 60 км/соатга туширилган эди.
2022 йилда Тошкентдаги Аҳмад Дониш кўчаси реконструкциядан сўнг марказдаги хиёбон ва пиёдалар йўлагидан маҳрум этилди, уни кесиб ўтиш қийинлашди. Олий Мажлис олдидаги Бунёдкор шоҳ кўчасида шаҳардаги энг хавфли тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларидан бири жойлашган эди, у ерда тез-тез пиёдалар уриб юбориларди. 2023 йилда ҳокимият уни ёпди, аммо одамлар ундан фойдаланишда давом этди. Ўтиш жойи ёпилганидан кейинги биринчи ойдаёқ бир пиёда уриб юборилди — олган жароҳатлари туфайли у воқеа жойида вафот этди.
Бундан ташқари, 12 та кўчада бир томонлама ҳаракатни жорий этиш таклиф қилинмоқда (қайси кўчаларда экани аниқлаштирилмаган). Унинг сўзларига кўра, бу ташаббус ўтказилган тадқиқотлар, шунингдек, тирбандликлар ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл ҳаракати иштирокчилари учун қулайликлар яратиш мақсадида маҳаллий ва хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида илгари сурилмоқда.
ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари сўнгги ойларда тез-тез светофорлар ўчиб қолишига сабаб бўлаётган электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларга ҳам эътибор қаратди.
«Натижада светофорлар ишламай қолади, бу эса йўлларда тартибсизликларга олиб келади. Бундай вазиятлар 5-6, 8 ёки 2 соат давом этади. Бундай ҳолларда биз нима қиламиз? Инспекторларнинг жисмоний кучларидан фойдаланамиз», — дея тушунтирди Алимов.
Бу муаммони ҳал қилиш учун у марказий чорраҳаларда узлуксиз қувват манбаларини ўрнатишни таклиф қилди.
«Биз пойтахт марказидаги 500 та светофор объектига UPS ўрнатишни таклиф қиламиз. Бу электр таъминоти узилганидан кейин светофорларга энергия етказиб бериш тиклангунга қадар яна беш-олти соат давомида автоном ишлаш имконини беради», — деди.
Депутатлардан бири янги тезлик режими қачон кучга кириши ҳақида сўради. «Биз ҳокимият ва тегишли идораларга таклиф киритдик. Бу ҳақда эълон қиламиз», — дея жавоб берди Алимов.
2025 йил июль ойи бошида президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинган эди. Давлат раҳбарининг топшириқлари ижроси доирасида республика ва вилоят даражасида ишчи гуруҳи тузилди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Ўзбекистон президенти беш йилга мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастурини тасдиқлаган эди. Ҳужжатда ҳудудлар бўйича йўл инфратузилмасини яхшилаш кўрсаткичлари белгиланган. Бироқ, ҳужжатда режалаштирилган чора-тадбирлар авариялар ва ўлим ҳолатларини қанчалик камайтириши ҳақида баҳолар келтирилмаган.