Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 24/03/2026

Тошкент атрофида 2026 йил 1 октябрдан янги иссиқхоналар қуриш чекланади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 2026–2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

«Тоза ҳаво» лойиҳасининг йўналишларидан бири иссиқхона хўжаликлари масаласи бўлди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўплаб иссиқхоналар тўпланган бўлиб, уларнинг аксарияти кўмир, мазут ва бошқа турдаги ёқилғилардан фойдаланади. NO₂, SO₂ ва PM2,5 каби ифлослантирувчи моддаларнинг чиқарилиши ҳаво сифатига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.

Минтақада қуёш инсоляцияси даражасининг нисбатан пастлиги қўшимча муаммо сифатида қайд этилди, бу эса ишлаб чиқариш харажатларини оширади. Масалан, январда Тошкентда ҳавонинг ўртача ҳарорати +6°C ни ташкил этса, Термизда +10,8°C га тенг. Тошкент вилоятида 1 тонна иссиқхона маҳсулотини етиштириш таннархи 11,9 млн сўмга етса, Сурхондарё вилоятида бу кўрсаткич 4,9 млн сўмни ташкил этади.

Қуёш фаоллиги юқори бўлган ҳудудларда маҳсулот етиштириш ҳам хўжаликлар иқтисодиёти, ҳам ички бозорда барқарор нархларни таъминлаш нуқтаи назаридан самаралироқ деб топилди.

Шу муносабат билан иссиқхона хўжаликларини Тошкент ва унга туташ ҳудудлардан табиий-иқлим шароити қулайроқ бўлган туманларга босқичма-босқич кўчириш таклиф этилди. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида камида 940 гектар майдонда агропарк ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу туман юқори инсоляция, юмшоқ қиш ва иситиш учун кам харажат талаб этилиши билан ажралиб туради.

2026 йил 1 октябрдан Тошкент ва унга туташ ҳудудларда янги иссиқхоналар ташкил этишни чеклаш кўзда тутилмоқда. Кўчириладиган хўжаликлар учун инфратузилма, кредитлаш ва логистика бўйича имтиёзлар назарда тутилган.

2026 йилги давлат дастурига кўра, Тошкент вилояти ва пойтахтга туташ ҳудудлардаги 6517 та иссиқхона хўжалиги учун янги тизим — фильтрлар ўрнатиш ёки бошқа ҳудудларга кўчириш тартибини жорий этиш режалаштирилган.

Сурхондарё вилоятида кўчириладиган иссиқхоналарни жойлаштириш учун камида 200 гектар майдонда агрокластерлар ташкил этиш белгиланган. Бундай кластерларга кирган хўжаликларга ҳар бир сотих ер учун камида 1 БҲМ (412 минг сўм) миқдорида субсидия берилади.

2025 йил ноябрь ойида Экология миллий қўмитаси пойтахт ва унинг атрофида жойлашган иссиқхоналар харитасини эълон қилган эди.

2024 йилда собиқ Экология вазирлиги Тошкент атрофида «яшил» ҳалқа ўрнига, аслида кўмирда ишлайдиган ва ҳавони ифлослантирадиган иссиқхоналардан иборат «кулранг» ҳалқа ҳосил бўлганини маълум қилганди. Ўшанда иссиқхоналарнинг 60 фоизи иситиш учун асосий манба сифатида кўмирдан фойдаланиши хабар қилинган эди.