
Тошкентда экологик хавфли ва энергия сарфи юқори бўлган, босқичма-босқич пойтахт ташқарисига кўчирилиши керак бўлган ишлаб чиқариш корхоналари рўйхати белгиланди. Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотларига кўра, рўйхатга 87 та шундай корхона киритилган.
Бундан аввал, 2025 йилнинг май ойидан бошлаб Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида асбест ва цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар; терига ишлов бериш-ошлаш, паррандачилик фабрикалари; юқори самарали чанг ва газ тозалаш қурилмалари билан жиҳозланмаган ҳолда ҳар қандай турдаги кўмирни ёқиш; қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган шиша ва заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш; хавфлилик даражаси бўйича I ва II тоифага кирувчи чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари каби йўналишлар бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланган эди.
Корхоналарни кўчириш жараёни қувватларни модернизация қилиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини замонавий экологик стандартларга мувофиқлаштириш билан бирга амалга оширилади.
Пойтахтда ҳаво сифатини яхшилаш бўйича махсус комиссиянинг хабар беришича, биринчилардан бўлиб Янгиҳаёт туманидаги саноат зонасида жойлашган, иккиламчи рангли металларни тайёрлаш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Ўзкўприкранглиметалл» корхонаси кўчирилади.
Завод экологик хавфлиликнинг I тоифасига кирувчи объектлар сирасига киради. У Жиззах вилоятидаги эркин иқтисодий зонага кўчирилади.
2025 йил октябрь ойида корхонага ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган ва экологик зарар учун 18 млрд сўмдан ортиқ компенсация ҳисобланган эди. Компенсация тўловлари бўйича берилган имтиёзлар ҳисобига маънавий эскирган (1970 йиллардаги) ва экологик зарарли эритиш печлари утилизация қилинади ва корхона фаолиятини «замонавий экологик талабларга тўлиқ жавоб берадиган, технологик жиҳатдан мукаммалроқ ускуналарда» давом эттиради.
Фақатгина шу корхонанинг кўчирилиши билан атмосферага йилига ўртача 226,7 тоннага яқин ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг олди олиниши кутилмоқда, деб қайд этди қўмита.
Аввалроқ, Сергели туманидаги В. Л. Галпарин номидаги Тошкент қувур заводи (атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган корхоналар сирасига киради) ва металлоломни саралаш ва пресслаш билан шуғулланувчи «Иккиламчиқораметалл»нинг пойтахт филиалига (атроф-муҳитга таъсири ўртача) ҳам мажбурий кўрсатмалар берилгани хабар қилинган эди.