
Сўнгги кунларда Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳаво ҳарорати инверсияси билан боғлиқ метеорологик шароитлар туфайли ҳаво сифати ёмонлашиши кузатилмоқда, деб хабар берди Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов.
Унинг қайд этишича, бу ҳодиса кундузги ва кечки ҳаво ҳарорати ўртасидаги катта фарқ (айрим ҳолларда 14 даражагача), туман ва шамол тезлигининг пасайиши билан боғлиқ бўлиб, бу атмосфера ҳавосидаги ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалиб кетишини қийинлаштиради.
Ўзгидрометнинг 2026 йил 8 январь соат 9:00 даги маълумотларига кўра, Тошкент ҳавосидаги PM2,5 майда дисперс заррачаларининг сўнгги суткадаги ўртача миқдори 101 мкг/м3 ни ташкил этган ва бу рухсат этилган меъёрдан (60 мкг/м3) 70 фоизга кўп.
Прогнозларга кўра, бундай метеорологик шароитлар 16−17 январгача сақланиб қолади. Антициклонлар келиши билан ёғингарчилик ва шамол тезлигининг ошиши кутилмоқда, бу эса ҳаво сифатини яхшилайди.
Искандар Қутбиддинов Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини яхшилаш бўйича Махсус комиссия турли ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирган ҳолда ишини давом эттираётганини маълум қилди. Жумладан, саноат ва иқтисодиёт объектларида, шунингдек, транспорт воситаларига нисбатан экологик рейдлар ва назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

