Фармацевтика институти Тошкентдан ташқарига кўчирилиши ва унинг ўрнига меҳмонхона ва автотураргоҳ қурилиши мумкин

Пойтахтда Тошкент фармацевтика институтини Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Tashkent Pharma Park кластерига кўчириш таклиф қилинмоқда. Бу Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида назарда тутилган.

Бўшаган Миробод туманидаги (метронинг «Ойбек» ва «Минг ўрик» бекатлари яқинида) участкада давлат тасарруфига ўтказиладиган 5 юлдузли меҳмонхона ва 1000 та автомобиль учун автотураргоҳ қуриш режалаштирилган.

Ҳужжатда мазкур ташаббус Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли экани қайд этилган.

Tashkent Pharma Park ҳудудида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва ўтган йили талабаларни қабул қилган Фармацевтика техника университети жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2024 йил 8 февралдаги қарори билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти ва Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт битта олий таълим муассасасига бирлаштирилган эди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги барча олий ўқув юртларини ўрганиб, уларни йириклаштириш бўйича дастурлар қабул қилиш бўйича топшириқ берган эди. Бакалавриат йўналишлари ҳам йириклаштирилиб, уларнинг сонини 40%га қисқартириш режалаштирилган.